Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг бугунги брифингида ўтган ҳафта қабул қилинган ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳақида ҳам маълумот берилди.
– 7 июнь куни “Давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Унда аҳоли томорқаларида камида 10 сотих, бўш ер майдонларида камида 20 сотих бўлган иссиқхоналар ташкил этиш тартиби белгиланди. Иссиқхона қуриш учун четдан олиб келинадиган деталлар 2021 йил 31 декабригача, иссиқхона қисмларини ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган материаллар 2023 йил 31 декабригача божхона божидан озод қилинди.
10 июнь куни давлатимиз раҳбари “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди. Унга мувофиқ, мактабгача таълим қамрови кам бўлган 53 та туманда 2021–2022 йилларда 2 мингта оилавий нодавлат боғча фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, 100 та нодавлат боғча ташкил этилади, 50 та давлат боғчаси қурилади.
Мактабгача таълим ташкилотларига 5 фоизли ставкада кредитлар ажратиш, тарбияланувчилар учун субсидия бериш каби имтиёзлар белгиланган.
Буларнинг эвазига юртимиздаги жами боғчалар сонини 20 мингтага етказиш мақсад қилиб қўйилган, – деди Шерзод Асадов.