Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш 2023 йилда ўтказилади

 

Жаҳон тажрибасида мамлакат аҳолисининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби, оилавий аҳволи, касби, бандлиги, даромад манбаи ва бошқа жиҳатлар бўйича батафсил маълумот тўплашнинг энг самарали усули аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ҳисобланади. Шу боис, 2023 йилда мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига ҳозирдан жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.

Ушбу амалиёт мустақиллик йилларида республикамизда илк бор ўтказилаётганини инобатга олиб, уни ташкил этишга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 2020 йил              11 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.Унга кўра, мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1—25 ноябрь кунлари амалга оширилади.

Синов ҳудудлари танлаб олинган

Аҳолини рўйхатга олиш ишлари учта босқичдан иборат бўлиб, белгиланган амалиётга киришулгунга қадар 2020—2023 йилларни ўз ичига олувчи тайёргарлик жараёнлари олиб борилади. Қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида 2021 йилда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш Дастурига кўра, 2021 йилнинг 1—25 ноябрь кунлари Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманларида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш ишлари амалга оширилади.

Аҳолини рўйхатга олишниўтказишга кўмаклашиш бўйича Президент фармони билан тасдиқланган, таркиби бир қатор вазирлик ва идоралардан иборат Республика комиссияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялар иш олиб боради. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жараёнга 150 мингдан ортиқ ходимлар жалб қилиниши режалаштирилган.