Умумий қиймати 18.0 миллион АҚШ доллари миқдорига тенг бўлган шиша махсулотлари ишлаб чиқаришни амалга ошириш лойиҳаси режалаштирилмоқда
Бойсун тумани фойдали қазилма бойликларига бой ҳудуд. Туманда 8 турдан зиёд фойдали қазилма бойликлари мавжуд. Имкониятдан келиб чиқиб, 2021-2022 йилларда ишга тушиши режалаштирилган умумий қиймати 519 миллиард 831 миллион сўмлик 18 та қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга мўлжалланган инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари аввал хабар берганимиздек кўплаб лойиҳалар бўйича хорижий ва маҳаллий тадбиркорлар билан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказилмоқда. Ҳудди шундай музокаралардан бири жорий йилнинг 7 май куни ўтказилди.
Туман ҳокимининг Инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари М.Қодиров ҳамда Франция ва Испания давлати инвесторларнинг маҳаллий ҳамкори “Comfort Termo Plast” МЧЖ вакиллари Бобоев Хуршид ҳамда Бозоров Муродуллолар иштирокида шиша махсулотлари ишлаб чиқаришни амалга ошириш лойиҳаси муҳокама қилинди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 18.0 миллион АҚШ доллари миқдорига тенг бўлади. Туман ҳокимининг ўринбосари М.Қодиров, Сурхонгеология АЖ геолог мутахассиси К.Сатторов ҳамда “Comfort Termo Plast” МЧЖ вакиллари Бобоев Хуршид ҳамда Бозоров Муродуллолар шиша ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ҳом ашё кварцли қум тош ва доломит жойлашган ҳудудларда ўрганишлар олиб боришди.