“Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш” ТЎҒРИСИДА ҚОНУНИНИНГ МАЗМУНИ
Мазкур Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонуни 2023 йил 16 июнь куни қабул қилинган бўлиб, 32-моддадан иборат.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам бу — ушбу Қонунда белгиланган тартиб-таомиллар ва шартларга мувофиқ тўлиқ ёки қисман давлат ҳисобидан кўрсатиладиган, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган малакали юридик ёрдам ҳисобланади.
Ушбу қонунга кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг самарали миллий тизимини яратиш ва ривожлантириш;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахсларнинг ҳуқуқий ҳимояга доир ҳуқуқларини ва давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш кафолатларини таъминлаш.
Шунингдек, давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилади.
Қонунга кўра, қуйидаги жисмоний шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга ҳисобланади:
1) кам таъминланган шахслар, агар улар:
фуқаролик ишлари бўйича даъвогарлар ёки жавобгарлар;
маъмурий ишлар бўйича аризачилар;
маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар;
жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, шунингдек маҳкумлар бўлса;
2) руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар, уларга «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда;
3) ўз ҳуқуқлари бузилган, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахслар;
4) Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар:
ушбу Қонунда белгиланган тартибда ва ҳолларда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олишга;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олишни рад этишга;
ўзларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилиши чоғида олинган ахборотнинг махфийлигига риоя этилишини талаб қилишга;
махсус ваколатли давлат органи ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар:
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун мурожаат қилганда ҳаққоний ва тўлиқ ахборот тақдим этиши;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилишига таъсир этувчи ҳолатлар тўғрисида махсус ваколатли давлат органини ўз вақтида хабардор қилиши;
давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун ўзлари ёлғон ёки чалғитувчи маълумотлар тақдим этганлиги фактлари тасдиқланган тақдирда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаши шарт.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам ушбу Қонун 9-моддасининг 1-бандида кўрсатилган жисмоний шахсларга фуқаролик ишлари бўйича судларга ва маъмурий судларга тааллуқли бўлган қуйидагилар ҳақидаги ишлар бўйича кўрсатилади:
ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ҳамда тўлаш тўғрисидаги;
ишга тиклаш ҳақидаги;
иш ҳақини ундириш тўғрисидаги;
алиментларни ундириш ҳақидаги;
уйга киритиш, турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва кўчириш тўғрисидаги;
меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиқнинг бошқача тарзда шикастланганлиги, шунингдек боқувчининг вафот этганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги;
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 991-моддасида назарда тутилган тартибда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларнинг, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органларининг ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам ушбу шахслар томонидан маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолларда кўрсатилади.
Руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахсларга психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда давлат ҳисобидан юридик ёрдам:
ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация қилиш;
тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш;
жиноят, фуқаролик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд-психиатрия экспертизасини ўтказиш чоғида кўрсатилади.
Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни судларда кўриш чоғида давлат ҳисобидан юридик ёрдам хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг қуйидаги йўналишлари бўйича кўрсатилади:
давлат фуқаролик хизмати соҳасида;
сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда;
иқтисодий соҳада ҳамда тадбиркорлик фаолиятида;
меҳнат муносабатларида;
ижтимоий ҳимоя соҳасида;
оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси соҳасида;
таълим, илм-фан, маданият ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида.
Агар шахс гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи бўлиб қолса, давлат ҳисобидан юридик ёрдам Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда кўрсатилади.
Агар кам таъминланган шахс маҳкум бўлиб қолган тақдирда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам қонунчиликда белгиланган тартибда кўрсатилади.
Ушбу Қонун билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахсларнинг ҳуқуқий ҳимояга доир ҳуқуқларини ва давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш кафолатлари таъминланади. Мазкур қонун 17.09.2023 йилдан қонуний кучга кирган.
Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун
туман суди раиси Л.М.Усаров