Очиқ мулоқотда ижтимоий тармоқ фаоллари, журналистлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Туман ҳокимининг ўринбосари Нормўминов Шухрат Ашурович томонидан Қурилиш соҳасида кластер тизимини ёʻлга қоʻйиш борасида Бойсун туманида амалга оширилаётган ишлар тоʻгʻрисида тўлиқ маълумот бериб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизатсия қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-6119-сонли фармонида қурилиш тармоғини янада такомиллаштириш, архитектура ҳамда қурилиш органлари ва муассасаларини изчил ривожлантириш механизмларини шакллантириш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таъминлаш, соҳага рақамли технологияларни илғор жорий этиш масалалари белгилаб олинган.
Бунда Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизатсия қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланиши, ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш ва ушбу жараёнда жамоатчиликнинг самарали иштирокини таъминлаш, шаҳарсозлик фаолиятининг сифати ва хавфсизлигини ошириш, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларнинг самарадорлиги, ратсионаллиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, қурилиш тармоғи ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, шаҳарсозлик фаолиятини рақамлаштириш, тармоққа замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, илмий салоҳиятни ривожлантириш масалаларига аҳолида урғу берилган.
Кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодий инфратузилмасида жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда. Зеро, бундан кўзланган асосий мақсад — битта. У ҳам бўлса, иқтисодиёт тармоқлари самарадорлигини кескин ошириш йўли билан одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, эл фаровонлигини таъминлаш.
Хусусан, саноатда амалга оширилаётган жиддий ислоҳотлар айни шу эзгу мақсадга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Ёки қишлоқ хўжалиги соҳасини олиб кўрайлик. Бугунги кунда аграр тармоқда фаолиятнинг мутлақо бошқа, замон ҳамда тараққиёт талабларига жавоб берадиган шаклига ўтиляпти ва бу йўлдаги одимлар тобора жадаллашиб боряпти.
Ўзбекистонда қисқа муддат ичида айнан мана шундай машаққатли, аммо шарафли ҳамда масъулиятли вазифа ижросини таъминлаш учун пойдевор яратилди. Бунда ҳам билимларга асосланган, ҳам амалий жиҳатдан дунёнинг илғор давлатларида улкан самара бериб келаётган бир тамойил йўл кўрсатувчи маёқ сифатида танлаб олинди. Уни бугун кўпчилигимиз кластер номи билан биламиз. Шу асосда илм-фан янгиликлари ва ишлаб чиқариш ўзаро ҳамоҳанглик касб этяпти, олиму талабаларнинг амалиётчилар ҳамда тадбиркорлар билан манфаатли ҳамкорлиги йўлга қўйилмоқда.
Мана, масалан, пахтачилик кластерларини олайлик. Айнан шу усул орқали бир пайтлари ўз режасини бажара олмай, қишли-қировли кунларга қолиб кетган туманлар бугун етакчилар қаторида. Буни бу йил Тошкент вилоятидаги Қуйи Чирчиқ тумани мисолида яққол кўришимиз мумкин.
Энг муҳими, кластер шарофати билан нафақат фермер ва деҳқонларнинг, балки ўша ҳудудда иш билан таъминланган аҳолининг ҳам даромадлари кўтариляпти, ишсизлик даражаси камаймоқда.
Эътиборлиси, мазкур ёндашувни масаланинг бошқа тарафи ҳам тасдиқлайди. Яъни қаердаки улкан ҳажмдаги қурилиш ишлари кетаётган бўлса, бу ўша жойдаги иқтисодий барқарорликдан далолат беради. Зотан, қайси мамлакатда иморатсозлик ҳажми катта бўлса, айниқса, аҳоли учун уй-жой барпо этиш кўлами кенгайса, демак, у барқарор ривожланиш йўлидан боряпти.
Давлатимиз раҳбари ҳам шу йил октябр ойида Тошкент архитектура-қурилиш институтининг янги биносини бориб кўрганида, соҳада кластер ташкил этиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтгани бежиз эмас. Бу бугунги шиддатли ва кескин рақобат давр талабларига уйғун келадиган долзарб ташаббусдир. Боиси, бу таклиф ижроси нафақат бунёдкорлик миқёси, географияси, суръатлари ва айниқса, сифатини оширади, балки инновацион ҳамда технологик ютуқлардан фойдаланиш имкониятларини тубдан яхшилайди.
Демак, туманимизда қурилиш кластерларининг пайдо бўлиши ҳар томонлама ўзини оқлаши баробарида, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимида учраётган муаммоларни бартараф этиш кафолатига айланади.
Ҳозир бунёдкорлик ишлари кетмаётган бирорта шаҳар, туман, ҳудуднинг ўзи йўқ. Қолаверса, фуқароларимиз самарали кластер тизими ёрдамида яхши ҳунарни эгаллагандан кейин қайси чет мамлакатга борса ҳам, ҳунари билан кўчада қолмайди — дуч келган юмушни бажармайди. Касбига мувофиқ юқори тоифадаги вазифаларни бажариб, яхши маош олади, бировга қарам бўлмайди.
Бинобарин, мазкур долзарб масалани кўриб чиқиш ва унга ечим топиш вақти аллақачон етиб келган. Бунга еса қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, тоғ-кон саноати қатори қурилиш индустриясида ҳам кластер тизимини йўлга қўйиш орқали эришиш мумкин. Шу асосда нафақат маҳаллий доирада рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, хорижнинг илғор технологияларини ўрганиш ҳамда ўзлаштириш самарадорлиги ошади, балки ижтимоий бандлик сифатли таъминланади, жаҳон талабларига мос, инновацион ва узоқ муддат халққа хизмат қиладиган инфратузилмалар кўпаяди. Яъни соҳа қаддини ростлаб, ёрқин истиқбол сари дадил кириб боради.
Шунингдек очиқ мулоқот давомида тумандаги тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида журналист ва ижтимоий тармоқ фаолларининг саволларига батафсил жавоб берилиб, таклифлар инобаатга олинди.
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025