Ҳурматли Ватанимиз ҳимоячилари!
Қуролли Кучларимиз фахрийлари!
Азиз Ватандошлар!
Сиз, азизларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ҳаммамиз яхши биламизки, истиқлолнинг илк йиллариданоқ мамлакатимиз мудофаасини кучайтириш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинди. Юртбошимизнинг 1991 йил 6 сентябрдаги Мудофаа вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги Фармони билан бу борадаги ишларга тамал тоши қўйилди. 1992 йил 14 январ куни эса мустақил давлатимиз тарихида яна бир муҳим тадбирга қўл урилди - Республика Олий Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий тузилмалар мустақил Ўзбекистон тасарруфига ўтказилди. Давлатимиз раҳбари ташаббусига асосан қабул қилинган мазкур ҳужжат армиямизни ислоҳ қилишнинг узоқ муддатли дастури ишлаб чиқилишига йўл очди. 1993 йилнинг 29 декабрида 14-январ юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди.
Ўзбекистон Қуролли Кучлари ўтган тарихан қисқа даврда мураккаб шаклланиш йўлини босиб ўтди ва бугунги кунда сон жиҳатдан ихчам, ҳаракатчан, замонавий талабларга жавоб берадиган, яхши тайёргарликка эга бўлган армия сифатида ўзини намоён этмоқда.
Бугунги кунда армиямиз нафақат Ватанимиз чегараларини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилмоқда, айни пайтда у ҳарбийларимизда мустаҳкам ирода ва характер, мустақил фикрлаш қобилияти шаклланадиган, жисмоний чиниқиш ва юксак инсоний фазилатлар камол топадиган ҳақиқий ҳаёт мактабига айланди. Муддатли ҳарбий хизматга чақирув чоғида чақирилувчиларнинг соғлиги, билим ва кўникмалари, дунёқараши синовдан ўтказилаётгани Қуролли Кучларимиз нуфузи ва қудратини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилаётган қўрқмас ва ҳақиқий ватанпарвар аскар ва офицерларнинг ота-оналарига, шунингдек, ҳарбий ҳаётнинг бутун қувонч ва ташвишларини турмуш ўртоқлари билан баҳам кўриб келаётган меҳрибон ва сабр тоқатли рафиқаларига улкан миннатдорлик билдираман.
Биз сизларнинг тимсолингизда миллий армиямизга тоғдек таянч бўлиб турган буюк маънавий кучни кўрамиз. Бугунги улуғ айёмда сизларнинг ҳам Ватанимизнинг мудофаа қудратини оширишда муносиб ҳиссангиз борлигини яна бир бор катта мамнуният билан эътироф этамиз.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан сиз, азизларни ва оила аъзоларингизни яна бир бор чин юракдан табриклайман.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва саодат, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.
Халқимизнинг юксак ишончи ва ҳурмат-эҳтироми сизларга ҳамиша ёр бўлсин!
Байрамингиз муборак бўлсин!
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025