Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг сара асарлари «Ижод» жамоат фонди томонидан чоп этилиши йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида кўп йиллардан буён ижод қилиб келаётган, бадиий ижодда ўз сўзини айта олган ва ўзбек адабиёти ривожига ҳисса қўшаётган бир қатор ижодкорларга Ёзувчилар уюшмасининг аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Жумладан, Бойсун туманида узоқ йиллар ёшларга маърифат улашиб, ўзининг серқирра ижоди билан хизмат қилиб келаётган “Мўтабар аёл” кўкрак нишони соҳибаси, “Меҳр бекати” асари муаллифи Дилбар Йўлдошевага 2024-йил 26-декабр куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзолик гувоҳномаси топширилди.
Уюшма раҳбарияти ва янги аъзолар иштирокидаги тадбирда уюшма раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид бугун юртимизда ижодкорларга яратилган имкониятлар ҳақида гапирди. Мамлакатимизда бошқа соҳалар сингари маънавият, адабиётга алоҳида эътибор қаратилаётгани, тизимда самарали ислоҳотлар амалга оширилаётганига диққатни қаратди. Уюшмага аъзо бўлганларни муборак этиб, уларга ижодий ютуқлар тилади.
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025