Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Бойсун тумани "Кофрун" маҳалласида жойлашган "Жийдали ота" мақбарасидаги шароитларни кўздан кечириб, маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида олиб борилган ишлар билан танишди.
Жумладан, шу мақсадларда 34,5 км автомобил йўли таъмирланди, 51,8 км электр тармоғи тортилиб, 9 та трансформатор ва 800 га яқин бетон устун ўрнатилди, шунингдек, 26 км ичимлик суви тармоғи ётқизилиб, 2 та сув сақлаш иншооти қурилди. Бундан ташқари 4 та мактаб биносини таъмирлаш ҳамда 14 та маҳаллани ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Туман ҳокими ва қурилиш соҳаси мутасаддилари амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди. Шунингдек, маҳалла "еттилиги"нинг фаолияти юзасидан ҳисоботлари тингланди. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, янгидан қурилган сув омбори имкониятларидан фойдаланган ҳолда томорқада маҳсулот етиштириш тажрибасини ошириш юзасидан туман раҳбарияти ва маҳаллалар "еттилиги"га вазифалар белгилаб берилди.
Давлатимизнинг қаратаётган эътибори, амалга ошираётган тадбирлари учун нуронийлар ўз миннатдорлигини билдириб, юрт тинчлиги ва осойишталиги ҳамда янги йилнинг барокатли келишини сўраб дуога қўл очди.
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025