Бойсун туманида 3 та маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисига хизмат кўрсатувчи Оилавий поликлиника қуриб фойдаланишга топширилди
Бугунги кунда Бойсун туманида 265 ўринга мўлжалланган 1 та туман марказий шифохонаси, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника ва унинг 2 та ҳудудий бўлими, 4 та оилавий поликлиника, 6 та оилавий шифокорлик пункти фаолият кўрсатиб келмоқда.
Бугун тумандаги Бибиширин маҳалласида жойлашган 9-сонли Олавий поликлиникасининг замонавий 100 қатновга мўлжалланган янги биноси аҳоли учун қуриб фойдаланишга топширилди.
1996-йилда лойиҳа асосида Давлат бюджети ҳисобидан Қишлоқ врачлик пункти сифатида Сурхондарё вилоятида биринчи бўлиб қурилган, 50 қатновга мўлжалланган поликлиника мослаштирилган бинога фаолият олиб борар эди. Аҳоли сонининг ортиши, врачлар билан таъминот яхшиланганлиги сабабли амбулатор қатновлар салмоғи кун сайин ошиб, тиббий хизмат кўрсатишда айрим муаммолар ва кўплаб мурожаатларга сабаб бўлди. Бугун Муҳтарам юртбошимизнинг олиб бораётган ислоҳотлари туфайли, вилоят, туман раҳбарларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан, маҳалламизда 2 қаватли янги замонавий тиббиёт биноси қад кўтарди. Бундан халқимизнинг қувончи чексиз! - дейди фахрий нуроний Баҳром Бозоров.
Тадбирда туман ҳокими Баҳодир Шукуров иштирок этиб, тадбир иштирокчиларини Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами ҳамда янги бино топширилиши муносабати билан қизғин қутлади.
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025