Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш

Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 293-моддасига кўра, судлар томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган ишлар ишлар жумласига қуйидагилар киради:

1) юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги;

2) болани фарзандликка олиш (бундан буён матнда фарзандликка олиш деб юритилади) ҳақидаги;

3) фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги;

4) фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги;

5) шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги;

6) шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги;

7) вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) тўғрисидаги;

8) мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш ҳақидаги;

9) тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқолган тақдирда, улар бўйича ҳуқуқларни тиклаш (чақириб иш юритиш) тўғрисидаги;

10) йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги.

Ушбу Кодекснинг 293-моддасида санаб ўтилган ишлар судларда ушбу Кодекснинг 27 — 37-бобларида кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидаларига мувофиқ кўриб чиқилади.

Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг стационарда ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги ариза судга шахс ётган психиатрия муассасаси томонидан берилади.

Ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш учун қонунда назарда тутилган асослар кўрсатилган аризага шифокор психиатрлардан иборат комиссиянинг шахснинг психиатрия стационарида бундан кейин бўлиши зарурлиги тўғрисидаги асослантирилган хулосаси илова қилинади.

Ариза психиатрия муассасаси жойлашган ердаги суд томонидан кўриб чиқилади.

Суд аризани қабул қилиш билан бир пайтда аризани судда кўриб чиқиш учун зарур бўлган муддатда шахснинг психиатрия стационарида бўлиб туриши масаласини ҳал этади.

Шахсни психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг стационарда ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги иш суд томонидан стационарга ётқизилаётган шахснинг қонуний вакили ва стационарга ётқизишнинг асослилиги тўғрисида хулоса берган комиссия таркибидаги шифокор психиатр, прокурор, шунингдек шахс ётган психиатрия муассасаси вакили иштирокида ўн кунлик муддат ичида кўриб чиқилади.

Суд мажлисига психиатрия муассасаси вакилининг узрсиз сабабларга кўра келмаганлиги аризани кўриб чиқишга монелик қилмайди, бироқ суд унинг келишини шарт деб топиши мумкин.

Суднинг аризани қаноатлантириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори тегишинча шахсни психиатрия стационарига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки унинг стационарда ётиши муддатини узайтириш учун асос бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан 18.09.2015 йилда “Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ҳамда сил касаллигига қарши кураш муасасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ётқизиш ёки унинг ушбу муассасаларда ётиши муддатини узайтириш билан боғлиқ фуқаролик ишлари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 14-сонли қарори қабул қилинган.

Мазкур Пленум қарорига кўра, психиатрия ёрдами руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг руҳий соғлиғини 2000 йил 31 августдаги «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган асослар ва тартибда текширувдан ўтказишни, уларни профилактика қилишни, уларга ташхис қўйиш, уларни даволаш, парваришлаш ва тиббий-ижтимоий жиҳатдан тиклашни ўз ичига олади.

Руҳий ҳолати бузилган шахсларга психиатрия ёрдами кўрсатиш давлат томонидан кафолатланади ва қонунийлик, раҳм-шафқат, инсонпарварлик ҳамда инсон ва фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этиш принциплари асосида амалга оширилади.

 

Фуқаролик ишлари бўйича 

Шеробод туманлараро суди раиси                            Ш.Х.Элиев

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 36 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?