Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Оила судьяларини ташкил этилиши оила мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилади.

Оила муқаддас қўрғон, уни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бугунги кунда давлатимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида оилаларни асраш ва мустаҳкамлаш, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш ётади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда оила жамиятнинг асосий бўғини экани, давлат оиланинг тўлиқ ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитларни яратиши, оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши қатъий белгилаб қўйилган.

Кейинги йилларда давлатимиз томонидан қабул қилинган бир қатор норматив ҳуқуқий ҳужжатларда  ҳам бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш талаби ўз ифодасини топган.     Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 21 декабрда қабул қилинган “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2030 йилга қадар ижро этувчи ҳокимият, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда бошқарув ходимлари орасида хотин-қизларнинг улуши 30 фоизга етказилади. Ушбу талаб директорлар кенгаши ва кузатув кенгашларини шакллантиришга ҳам татбиқ этилади.

Шунингдек, ушбу қарорнинг 9-бандида Олий суд, Судьялар олий кенгашининг илғор хорижий тажриба асосида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш ҳақидаги таклифига розилик берилди.

Шу асосда жорий йил 1 февралдан мавжуд штат бирликлари доирасида тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг икки нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда, ушбу судларда “Оила судьялари” ташкил этиш белгиланди.

Шу билан бир қаторда  ушбу қарорда жиноий оилавий (маиший) зўравонлик қурбонларига нисбатан жабрланувчининг талабига кўра суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларнинг соддалаштирилган тартибда, яъни суд маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг фикрини инобатга олган ҳолда эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига имконият йўқ деб топса, ишни кўришни кейинга қолдирмасдан ҳамда ярашиш учун муҳлат тайинламасдан ҳал қилув қарори чиқариш, судда уй-жойга мажбурий тартибда киритиш билан боғлиқ даъволар кўрилаётганда, уй эгасининг талабига кўра мажбурий тартибда киритилаётган тараф уй эгасига тегишли мутаносиб шароитга эга бошқа яшаш жойига ёки уй эгаси томонидан ижара ҳақи тўлаб туриладиган яшаш жойига киритиб қўйиш имкониятини таъминлаш ва  ён шажара бўйича яқин қариндошлар ўртасида тузилган никоҳлардан ногирон фарзандлар туғилиши хавфи тўғрисида амалиёт ва хорижий тажрибани чуқур ўрганган ҳолда, бундай никоҳлар келажак авлод саломатлиги учун салбий таъсир этадиган бўлса, ён шажара бўйича яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш мақсадга мувофиқ эмаслигини назарда тутувчи қонун лойиҳалари бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилишини таъминлаш белгилаб қўйилди.

Президентимиз қарори ижросини таъминлаш мақсадида Олий суд Раёсатининг 2024 йил 23 январда “Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларида оилавий низоларни кўришга ихтисослашган “Оила судьялари” ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Раёсат қарорида “Оила судьялари” томонидан кўриладиган оилавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар ва уни кўрадиган судьялар рўйхати, судьялар таркибига ўзгартириш киритиш, улар фаолиятини самарали ташкил этиш учун амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилган.

Суд соҳасида янги институт, яъни “Оила судьялари”ни ташкил қилиш масаласи замирида судьяларнинг оилавий низоларни кўришга ихтисослашуви ушбу йўналиш бўйича малакали мутахассис бўлиб шаклланишига замин яратиб, ушбу тоифадаги низоларни ижобий ҳал қилишда бой амалий тажриба тўпланади.

Шунингдек, судьялар ҳар бир оилавий низони чуқур ўрганиш, унинг юзага келиш сабаблари, моҳиятини тўлиқ тушуниб етиш ва фуқаролик ишини атрофлича ўрганиш имконига эга бўлади.

Бундан ташқари, судьялар оилавий ишларни кўриб чиқишда юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф қилиш, уларнинг олдини олиш борасида ҳокимликлар, оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва маҳалла фаоллари каби соҳа мутасаддилари билан ҳамкорлик механизмларини  кенг йўлга қўйиб, оилавий низо келиб чиқишига сабаб бўлаётган омилларни яъни томонлардан бирининг оила қуришга тайёр эмаслиги, эр ва хотин бир-бирини тушунмаслиги, учинчи шахсларнинг аралашуви, фарзандсизлик, ишсизлик, моддий етишмовчилик каби ҳолатларни бартараф этиш юзасидан масъуллар билан ҳамкорликда муайян чоралар кўрилишига эришилади.

Шундай экан, судьялар ушбу тоифадаги ишларни кўриб чиқишда тарафларни имкон қадар яраштириш чораларини кўриши, медиация институтини кўпроқ қўллаши талаб этилади. Бу, ўз навбатида, оилавий низолар камайиши, тинч ва аҳил оилалар сонининг кўпайишига хизмат қилади.

Мамлакатимизда янги ташкил қилинган “Оила судьялари” оилавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган никоҳдан ажратиш, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш, алимент ундириш, ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ёки ундан маҳрум этиш, фарзандини ўз тарбиясига олиб бериш, бола билан кўришиш тартибини белгилаш, оталикни белгилаш, фарзандликка олиш, уйга киритиш, уйдан мажбурий тартибда чиқариш каби оилавий низоларни кўриб чиқади.

Хулоса қилиб айтганда, “Оила судьялари” ташкил этилиши  жамиятимизда оилаларнинг тинч ва мустаҳкам бўлишига, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

 Нилуфар Тўраева, Сурхондарё вилоят суди судьяси

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 36 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?