Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
МУҲАММАД ЮСУФ 68 ЁШДА.
Тадбирлар / 2022-04-23

Бойсун туманидаги 13-сон умумтаълим мактабида атоқли шоир Муҳаммад Юсуфнинг 68 йиллик таваллуди муносабати билан “Эл ардоғидаги шоир” шиори остида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими, маънавият тарғиботчилари, ҳамда 13-сон умумтаълим мактабининг ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этишди.

Ўқувчилар томонидан шоирнинг ҳаёти ва ижоди, шеърлари, куйга солинган қўшиқлари ҳамда шоир ҳаётига оид савол жавоблари намойиш этилди.

Дарҳақиқат шоир ҳаётига назар ташласак ўтган асрнинг охирги чорагида адабиётга дадил одимлар билан кириб келган Муҳаммад Юсуф ўзининг бадиий гўзал, бетакрор шеърлари, достонлари билан ярқ этиб кўзга ташланди. Самимий ва мағзи тўқ, ижтимоий юки салмоқли мисралари билан халқ дилидан чуқур жой эгаллади. Айниқса, мустақиллик даврида унинг ижоди янада гуллаб-яшнади.

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф 1954 йил 26-апрелда Андижон вилояти, Марҳамат туманидаги Қовунчи қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топди. Тошкентдаги Рус тили ва адабиёти институтида (ҳозирги Жаҳон тиллари университети) таҳсил олди. Республика Китобсеварлар жамиятида, “Тошкент оқшоми” газетасида, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, “Тафаккур” журналида, “Ўзбекистон овози” газетасида хизмат қилди. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиш Академиясида таҳсил олгач, 1998 йилдан умрининг охиригача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият юритди.

Мустақилликнинг илк даврларидаёқ “Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон”, дея кураш майдонига тушган, Истиқлолни баралла куйлаган, виждони уйғоқ ижодкор Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёт йўли, ижоди ва қизғин ижтимоий фаолияти ёшларимиз учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. 

Мозийдаги буюк аждодларимизга юксак эҳтиром, озодлик нашидаси, келажакка ишонч, эл бахт-саодатини куйлаш шоир ижодининг асосий лейтмотивига айланди. Она Ватанга чексиз муҳаббатни, эл-юрт, миллат дарду қувончларини бор овоз билан куйлаган шоирнинг кўплаб шеърлари кўнгилларга ҳаяжон соладиган қўшиқларга айланиб кетди. У ўзининг қисқа, аммо мазмундор ижодий фаолияти билан халқ эътирофини қозонди ва бунинг табиий самараси ўлароқ, 1998 йилда - 44 ёшида Ўзбекистон халқ шоири деган шарафли унвонга сазовор бўлди.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбир доирасида бадиий китоблар кўргазмаси, ўқувчилар томонидан чизилган суръатлар ва портретлар, шахмат, стол тенниси ўйинлари билан давом этди.

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?