Бугун Бойсун туманидаги маданият бўлимида Бойсун тумани ҳокимлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази Бойсун туман бўлинмаси, туман Маданият бўлими, туман Халқ таълими бўлими ҳамкорлигида мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 539 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбири нишонланди.
Тадбирда сектор раҳбарлари, тумандаги ташкилот ва корхона раҳбарлари, нуронийлар, депутатлар, халқ таълими ходимлари, ўқувчи ёшлар, зиёлилар ҳамда фаоллар иштирок этишди.
Тадбир давомида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ижодига мансуб театрлаштирилган саҳна асарлари, куй-қўшиқлари ғазал ва рубоийлари санъаткорлар томонидан ижро этилди.
Бобур (тахаллуси; тўлиқ исми Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо) ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили: буюк шоир; тарихчи, географ; давлат арбоби, истеъдодли саркарда; бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода.
Бобурнинг отаси — Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси — Қутлуғ Нигорхоним Мўғулистон хони ва Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи эди. Бобурнинг онаси ўқимишли ва оқила аёл бўлиб, Бобурга ҳокимиятни бошқариш ишларида фаол кўмак берган, ҳарбий юришларида унга ҳамроҳлик қилган. Умаршайх Мирзо хонадони пойтахт Андижоннинг арки ичида яшар эди. Ҳоким ёз ойлари Сирдарё бўйида, Ахсида, йилнинг қолган фаслини Андижонда ўтказарди.
Бобурнинг ёшлиги Андижонда ўтган. Бобур барча темурий шаҳзодалар каби махсус тарбиячилар, йирик фозилу уламолар устозлигида ҳарбий таълим, фиқҳ илми, араб ва форс тилларини ўрганади, кўплаб тарихий ва адабий асарлар мутолаа қилади, илм-фанга, шеъриятга қизиқа бошлайди. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан «Бобур» («Шер») лақабини олади.
Бобур атрофида ижодкорлар тўплана бошлаши ҳам шу йилларга тўғри келади. Жумладан, Биноий, Абулбарака ва Бобур ўртасидаги рубоий мушоираси Самарқанддаги қизғин адабий ҳаётдан дарак беради. Умуман, давлат арбоби ва кўп вақти жангу жадалларда ўтган саркарда сифатида ижтимоий фаолиятининг энг қизғин даврида ҳам, шахсий ҳаёти ва давлати ниҳоятда мураккаб ва хатарли шароитда қолган чоғларида ҳам Бобур ижодий ишга вақт топа билган, илм, санъат ва ижод аҳлини ўз атрофига тўплаб, ҳомийлик қилган, уларни рағбатлантирган.
Ўтмиш адабиёт ва тарих, мусиқа ва санъатдан яхши хабардор бўлган, диний таълимотга чин ихлос қўйган Бобур ҳар доим олиму фозиллар даврасида бўлди, хусусан ижод аҳлига, касбу ҳунар соҳибларига самимий эҳтиром кўргазиб ҳомийлик қилди, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириб турди. Ижод ва санъат аҳлига бундай меҳрли муносабат асло бежиз бўлмаган. Бобур табиатан ижодкор эди. Йигитлик йилларидан бошлаб то умрининг охиригача самарали ижодий иш билан шуғулланди, ҳар қандай шароит ва вазиятларда ҳам ижоддан тўхтамади, натижада, ҳар жиҳатдан муҳим бой илмий ва адабий мерос қолдирди.
Ҳозирда унинг 119 ғазали, бир масну шеъри, 209 рубоийси, 10 дан оптик туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари аниқланган. Девони таркибида умумий ҳажми 270 байтдан иборат 8 маснавий ҳам ўрин олган.
Бобур 47 ёшида ўзи асос солган салтанат пойтахти Аграда вафот этди ва ўша ерда дафн этилди, кейинчалик (1539), васиятига мувофиқ хоки Кобулга келтирилиб, ўзи бунёд эттирган «Боғи Бобур»га қўйилди.
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025