Ассалому-алайкум азиз юртдошлар!
Сизларни, барча мўмин-мусулмонларни, халқимизни меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми – муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Бу қутлуғ байрамда ҳаммамиз аввало шундай файзли ва барокатли кунларга етказгани учун Оллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз.
Оила, маҳалла ва жамият аҳлига меҳр ва эътибор кўрсатиш, кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд кишиларга беғараз ёрдам бериш, яхшилик, сабру қаноат каби эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган бу байрамнинг маъно-мазмуни бугунги Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсатга ғоят уйғун ва ҳамоҳанг эканини, ўйлайманки, шу саодатли дамларда ҳар биримиз чуқур ҳис этмоқдамиз.
Ўтган давр мобайнида Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ташаббуслари, фидойиликлари билан нафақат миллий-диний байрамларимиз, балки дину эътиқодимизга янгидан ҳаёт бахш этилди, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, улуғ алломаларимизнинг бебаҳо меросини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ундан ташқари муҳтарам Президентимиз муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида давлатимиз гуманистик сиёсатининг ҳамда халқимизга хос эзгулик ва меҳр-оқибат, кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган юзлаб шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони имзоланди.
Ушбу фармонда қайд этган шахсларни фақат жазолаш эмас, балки тарбиялаш, уларнинг ўз ҳалол меҳнати билан жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун барчамиз бирдек масъулмиз.
Ҳурматли ватандошлар!
Албатта, биз ўз диний қадриятларимизни улуғлаб, эъзозлаб яшар эканмиз, ҳозирги юксак техналогиялар асрида мустаҳкам иймон-эътиқод билан бирга замонавий илм-фан, касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаш, инновациялар соҳасидаги ютуқларни чуқур ўзлаштириш, ёшларимизни ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш барқарор тараққиётга эришишнинг энг муҳим шарти эканини яхши тушунамиз.
Аллоҳ томонидан берилган неъматларга беадат шукроналар айтиб, ҳаётимизнинг барча жабхаларидаги катта ўзгаришлар рўй бераётганлигини, халқимиз эмин-эркин ҳаёт кечираётганлигини, бундан оталарча ғамхўрлик кўрсатиб келаётган мухтарам юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли халқимиз томонидан энг қулай шароитларда Ислом дини амалларини адо этаётганлиги каби, “Рамазон” ҳайити кунларини ҳам халқимиз кенг байрам сифатида нишонламоқда. Мана шундай дин, эътиқод эркинлиги таъминланган, тинч ва обод юртда яшаётганимизга қанча шукрона айтсак кам.
Бу муборак ойда қилган тоат ибодатларимиз, хайрли амалларимиз, тутган рўзаларимиз Аллоҳ учун, унинг розилиги учун экан, парвардигор эгамиз уларнинг эвазига юртимизда тинчлик, халқимизга осойишталик, фарзандларимизга ақлу заковат, қарияларимизга иймону эътиқод беришини ният қиламиз.
Азизлар!
Ушбу муборак айёмда Президентимиз раҳнамолигида юртимиз равнақи, диёримизнинг осойишталиги, халқ фаровонлиги йўлида олиб борилаётган барча хайрли ишларда Яратганнинг ўзи мададкор бўлишини сўраб қоламиз. Муборак Рамазон ҳайити муносабати билан сиз азизларни яна бир бор самимий муборакбод этаман! Меҳрибон Аллоҳ таоло барча ибодатларимизни қабул айлаб, эзгу мақсадларимизни амалга оширишда Ўзи мададкор бўлсин. Рамазон ҳайитининг файзу баракоти қалбларимизни ва хонадонларимизни мунаввар айласин!
Келаси йилларда ҳам амалда собит, иймонда зиёда бўлиб ушбу байрамни қайта-қайта нишонлашни Аллоҳ барчаларимизга насиб қилсин. Улуғ айём – Рамазон ҳайити барчамизга қутлуғ бўлсин!
Бойсун тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025