Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Бойсун тумани ҳокимининг 9 май "Хотира ва қадрлаш куни" муносабати билан байрам табриги
Тадбирлар / 2021-05-09

Ассалому алайкум қадрли юртдошлар, туманимиз фаоллари, ҳурматли фахрийлар!

Аввало барчангизни ва албатта Ватан озодлиги, юртимиз тинчлиги учун Иккинчи Жаҳон урушида иштирок этган, урушдан кейинги меҳнат фронтида фидойилик кўрсатган Сиз муҳтарам табаррук нуронийларимизни Хотира ва қадрлаш куни ва Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги билан туманимиз фаоллари ҳамда кенг жамоатчилиги номидан самимий қутлайман.

Иккинчи жаҳон урушидаги тарихий ғалабани таъминлашда юртдошларимиз кўрсатган жасорат ва хизматларнинг ўрни ҳамда аҳамияти беқиёсдир.  

Мана шундай улуғ кунда ўзининг инсоний бурчини адо этиб, жангу жадалларда ҳалок бўлганлар, бугунгидек тинч ва осойишта кунларга етиб келолмаганлар хотираси олдида ҳамиша бош эгамиз. 

    Бу йил мухтарам Президентимиз Шавкат Миромонович томонидан улуғ ватан уруши қатнашчилари рағбатлантириш тўғрисидаги фармонларига асосан туманимиздаги 5 нафар улуғ ватан уруши қатнашчиларига алоҳида эътибор қаратилди.  

Бугун сафимизда турган Қаҳрамон авлод вакиллари - отахонларимиз кўрсатган жасорат олдида доимо таъзим этамиз. Уларнинг олдида ҳамиша қарздорлик ҳисси бизни хеч қачон тарк этмайди.

“Хотира боқийдир- қадр муқаддас”- дейди халқимиз. Биз ўтганлар руҳини хотирлаб, улар ҳақида ўйлар эканмиз, Ватанга муҳаббат, она халқига садоқат каби ҳислатларни мерос қолдирган қаҳрамон авлодларимиз жасоратига тахсинлар айтишни фарзандлик бурчимиз деб биламиз. 

Бу санани нишонлашдан мақсад аввало ғалабанинг моҳияти ва аҳамиятини, тинчликнинг қандай буюк неъмат эканини яна бир бор чуқур англашдан иборат.

Жасорат кўрсатган ота-боболаримиз бугунги кунда ҳақли равишда қаҳрамон авлоднинг рамзи сифатида ҳар қанча таҳсинга лойиқдирлар.  

Шаклланаётган ёш авлод учун Уларнинг босиб ўтган йўллари катта тарбия манбаи, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш дастури сифатида намоён бўлмоқда. Шу боис ҳам халқимиз тинч, юртимиз обод бўлмоқда.

Азизлар!

      Бугунги Хотира ва қадрлаш куни билан барчангизни яна бир бор муборакбод этаман, ҳозир ҳаёт бўлган яқинларингиз, устозларингизни қадрлаб, ҳолидан хабар олинг. Ўтганларимизни Оллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин. Илоҳим, дилимиздаги барча олижаноб орзу-интилишларимиз рўёбга чиқсин!

Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

Яратганнинг ўзи ҳаммамизни паноҳида асрасин!

Бойсун тумани ҳокими А.Жўраев

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 27 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?