Аввало тиббиёт ходимлари тимсолида халқ саломатлиги йўлида ўз ҳаловатидан кечиб, кунни тунга улаб, фидокорона меҳнат қилаётган шарафли касб эгаларини кўрамиз.
Юртимиз ҳудудида қадимдан кўплаб шифо масканлари фаолият юритгани, Абу Али ибн Сино каби мутафаккир боболаримиз яратган бебаҳо асарлар, уларнинг дори-дармон тайёрлаш ва даволаш усуллари бутун жаҳонда машҳур бўлгани аждодларимизнинг бу соҳа ривожига қандай катта эътибор қаратганидан далолат беради.
Барчамизга маълумки, юртимизда ҳар йили ноябр ойининг иккинчи якшанбаси Тиббиёт ходимлари куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Шу муносабат билан Бойсун туманидаги “Ораста” базмлар саройида тиббиёт ходимлари учун байрам тадбири ташкил этилди.
Тантанали тадбирда туман ҳокими ўринбосари ҳамда сектор раҳбарлари иштирок этиб, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларини байрам билан табрикладилар.
Байрам тилаклари, самимий дил сўзлари бир пиёла чой устида давом этди. Соҳанинг бир гуруҳ фидойи ходимларига туман ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Байрам тадбирида туман маданият бўлими ходимлари томонидан ижро этилган қўшиқлар соҳа вакилларига кўтаринки кайфият улашди.
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025