Хотира ва қадрлаш куни - бу кун биз, жонажон ўлкамизнинг кўп асрлик тарихида халқимиз манфаатларини ҳимоя қилиб, ватанимиз учун жанг қилган ва унинг гуллаб-яшнаши йўлида камарбаста бўлганларни, Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларидан қайтмаганларни, фронт ортида фидойи меҳнат қилганлар, босиб олинган ҳудудларда яшаётганларни қутқариб, бизнинг мамлакатимизга эвокуатция қилганларни, шунингдек, турли йилларда давлат манфаати йўлида кўксини қалқон қилган, тартиб сақлаш, бунёдкорлик ва мусаффо осмонимиз ҳимоясида собит турганларни хотирлаймиз. Бу кун мустақил мамлакатимиз мустақиллиги ва уни янада мустаҳкамлаш учун ўзининг муносиб улушини қўшганлар шарафланадиган мўътабар кундир.
Бугунги авлод ва эртамиз ворислари учун, энг аввало, эртанги кунга бўлган ишончимизни таъминлайдиган, бунёдкорлик ишларимиз учун имкон берадиган, мамлакатимизнинг келгусидаги истиқболи ва фарзандларимиз иқболини кафолатлайдиган тинчлик ва хотиржамлик энг устувор вазифадир.
Айни даврда яқин ва узоқ хорижда юзага келган ҳолатлар хавфли ва таҳдидли кўриниш олаётган вазиятнинг нақадар муҳим ва долзарб эканлигини яққол кўрсатмоқда. Шу боис ҳам ҳаётнинг ўзи ҳар биримиздан огоҳ ва ҳушёр бўлишни, лоқайдлик ва бепарволикка йўл қўймаслигимизни талаб қилмоқда.
Ўзбекистонда барча давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва келгусида дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, келишмовчилик ва қарама-қаршиликларни фақат сиёсий, фақат тинчлик йўли билан ҳал этишга қаратилган тўғри сиёсат олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мустақил мамлакатимиз ҳукумати маълум бир ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, Ўзбекистон ҳудудида чет эл давлатларининг ҳарбий базалари жойлаштирилиши ва ҳарбийларимизнинг Ватанимиз ташқарисида бўлишларига йўл қўймаслик сиёсатини юритаётгани ниҳоятда муҳимдир.
Бизнинг халқимиз уруш нима эканлигини яхши билади. Ўзбекистонлик ҳар бир оила унинг изтиробли йилларини бошидан ўтказган. Шу боис, она заминимизда ўша даҳшатларни содир этилишига йўл қўймаслигимиз, фарзандларимиз ҳеч қачон ота-боболари қисматини бошидан ўтказмасликлари учун қўлимиздан келган барча саъйи-ҳаракатларни амалга ошириш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025