Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Бойсунлик уруш фахрийлари ҳолидан хабар олинди
Тадбирлар / 2021-05-01

Бойсунлик уруш фахрийлари ҳолидан хабар олинди

19 ёшида фронтга йўл олган бойсунлик Дўсмат Муродов қишлоғига ярадор бўлиб қайтади. Бугун 95 дан ошган отахон фарзанду набиралари ардоғида. Дуоталаб ҳамқишлоқлар борми, меҳмонларми, кўпинча Дўсмат бободан уруш воқеалари ҳақида сўрар эканлар, у киши эса кўпроқ тинчлик замонларнинг қадри тўғрисида тўлқинланиб сўзлайдилар. “Дориломон кунлар учун шукр қилиш, халқнинг хизматида бўлиш энг муҳими” дейдилар Дўсмат бобо.

Жанубий оператив қўмондонлиги ҳарбийларининг Дўсмат бобо ва Бойсун тумани, “Кўлқамиш” маҳалласида истиқомат қилаётган уруш фахрийси Тожи Бозоров хонадонларига ташрифи қизғин суҳбатларга уланиб кетди. Дастлаб шифокорлар отахонларнинг саломатликларини кўрикдан ўтказдилар. Нуронийларга байрам совғалари топширилди.

Суҳбат чоғи отахонлар оғир жангларни, урушдан кейин яна давом этган ҳарбий хизмат даврларини эслашди. Айтишларича, 7 йил мобайнида ҳаёти жанггоҳларда, мусофир юртларда кечган Тожи Бозоров юртга қайтганида, ҳатто ўз она тилида сўзлашиш кўникмасини ҳам қарийб йўқотаёзган экан.

Тожи бобо бугун 98 га кирдилар. Маҳаллада уларни жонли тарих, ҳақиқий қаҳрамонлик тимсолида сифатида таърифлашади. Кўлқамишда узоқ сафарга отланган ёки катта бир ишни бошлаганлар албатта нуроний отахондан дуо сўрайдилар. Тадбирларда ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Тожи Бозоров доимо маслаҳатчи ва энг ҳурматли меҳмон ҳисобланадилар. Эндиликда отахоннинг фарзанду, набиралари ҳам халқ хизматида.

Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан Сурхондарёда барча уруш ва фронт орти меҳнат фахрийлари учун давлат идоралари, ҳарбийлар ва жамоат ташкилотлари иштирокида турли тадбирлар ўтказиляпти. Улардан мақсад, фахрийларимизнинг кўнглини кўтариш, уларни ватанпарварлик, чин фидоийлик намунаси сифатида улуғлаш, келажак авлодга ибрат қилиб кўрсатишдан иборат бўлмоқда.

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 13 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?