Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
“Одам савдоси – давр муаммоси”
Қонунлар / 2022-02-17

Йигирма биринчи аср тараққиёт асри бўлиши билан бир қаторда, жиддий глобал муаммолари билан инсониятни хавотирга солаётганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Бугунги кунга келиб асримизнинг жиддий глобал муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда.
Афсуски, дунё бўйлаб беқиёс кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқотлар олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар «замонавий қуллик», яъни одам савдоси қурбонига айланмоқ қолмоқда. Улар орасида айниқса аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар, гудаклар(чақалоқлар) ҳам борлиги ачинарли.
Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг аксарият 80 фоизини  аёллар  ва болалар ташкил қилади.
Ўтган асрдан йигирма биринчи асрга трансмиллий ташкилий жиноятчиликнинг учта энг хавфли тури «мерос» бўлиб ўтди десак муболаға бўлмайди.  Уларнинг биринчиси – халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик руҳи, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар, иккинчиси – наркобизнес ёки нарко-траффик билан шуғулланаётган жиноий уюшмалар, учинчиси – одам савдоси билан шуғулланувчи йирик-йирик жиноятчи ташкилотларнинг йилдан-йилга кучаяётганидир.
Хўш бу жиноятларнинг асл сабаби нимада? Бу жиноятларнинг асосий сабаби илмсизлик, маънавий қашшоқлик, тубанлик, очкўзлик, енгил ҳаёт таризини ўзига касб қилиш, дунёга ҳаддан ташқари ҳирс қўйиш ва нафсига қул бўлишдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига биноан “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
2013 йилдан бошлаб  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан “30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни” деб эълон қилиниши Бутун бир инсониятни ушбу жиноятга қарши курашишга ундаб келмоқда..
Одам савдосига қарши курашиш ва унинг аянчли оқибатларини кенг оммага, айниқса ёшлар ўртасида тушунтириш ҳамда ушбу мудҳиш жиноятнинг жабрланувчиларига айланиб қолишларини олдини олиш ҳамда “30 июль – Халқаро одам савдосига қарши курашиш куни” муносабати билан ҳар йили Тошкент тиббиёт академиясида мазкур масалага бағишлаб кенг қамровли талаба-ёшлар орасида тадбирлар ташкил қилиниб келинади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилганидек, “Мамлакатимизнинг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш – барча ютуқларимизнинг бош гаровидир” деган эди.[2]
Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Шу билан бирга, одам савдоси трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танламайдиган жиноят эканлиги ҳисобга олиниб, давлатимиз 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган «Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида»ги Конвенцияга қўшилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2000 йил 15 ноябрдаги резолюцияси билан қабул қилинган «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида»ги Конвенция, шунингдек, одам савдоси, айниқса, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қўшимча протокол ҳам ратификация қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилнинг 17 апрелидаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ва  2019 йилнинг 31 июлида “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг  фармони  мамлакатимизда одам савдоси жиноятига қарши курашишнинг миллий қонунчилик асосларини яратиб берди. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялаш ҳамда халқаро майдонда давлатимиз имижини ошириш мақсадида фуқаролик жамияти вакиллари ва мазкур соҳадаги хорижий ноҳукумат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича иш олиб борилмоқда. Хулоса қилиб айтганда, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш халқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асослансагина яхши самара бериши мумкин.
Зеро, одам савдоси, унинг инсоний ҳуқуқ ва эркинликларини ғайриқонуний ва ғайри ахлоқий равишда айнан инсон томонидан камситилиши, йўққа чиқарилиши – кечириб бўлмас жиноятдир!

А.Рахматов,

жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг раиси

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?