Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Ёш умрини ёвга қалқон қилган мард ўғлон номи хотирланди

“14 январ–Ватан ҳимоячилари куни” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллиги муносабати билан туман ҳокими Асқарали Жўраев, туман мудофаа бўлими бошлиғи, туман Маънавият ва маърифат бўлими ҳамда мутасаддилар томонидан “Инкобод” маҳалласида яшовчи Жўраев Хуррам бобо хонадонига ташриф буюриб, Сариосиё тоғларида жойлашиб олган экстремистик террорчиларнини йўқ қилиш чоғида мардларча ҳалок бўлган мард ўғлон Машраб Жўраев хотирланди.

Ватан ҳимоясидек шарафли вазифани бажариш вақтида ўз жонидан кечган мард ўғлонларни қанча улуғласа ҳам шунча оз эканлиги, ўткинчи дунёда яхши ном билан из қолдириш осон эмаслиги, саноқли инсонларнинг номигина мангуликка муҳрланиши, уларга атаб шеър-у достонлар битилиши, йиллар ўтсада, катта-ю кичик уларнинг номини эҳтиром ила тилга олиб, ҳурмат ила хотирланиши, уларнинг ёди ҳамиша эҳтиром ва эъзозга лойиқлиги таъкидланди.

Хонадондаги хона тўридан жой олган мўжазгина уй музейи унда оддий аскар Машраб Жўраевга  тегишли “Жасорат” медали ва турли мукофотлар, расмлар, ҳарбий либослар ва бошқа бир қатор буюмларга кўзингиз тушар экан, уларга қараб, йиллар, даврлар ўтар, авлодлар алмашар, лекин юрт тинчлиги, миллат эрки учун ёш умрини ёвга қалқон қилган мард ўғлон номи барҳаётлигига амин бўлади инсон.

Шунингдек, қаҳрамонларча ҳалок бўлган оддий аскар Машраб Жўраевнинг оила аъзоларига юксак эҳтиром кўрсатилиб,  моддий ёрдам, совғалар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?