Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Куз қўйнидаги Омонхона

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Омонхона қишлоғининг шифобахш суви ошқозон-ичак, жигар ва ўткир юқумли касалликларга даволиги билан дунёга танилган. Бу ердаги булоқ суви қабзиятни бўшатиш, қон босимини пасайтириб, пешобни ҳайдаш ва бошқа бир қатор хусусиятларга эгалиги аниқланган. Баланд ғорнинг тобали йирик ясси тошидан томчилаб турадиган сувни эса кўз касалликларига шифо дейишади.

Она табиатнинг мўъжизаларга бой тоғ қўйнидаги қишлоққа яна куз келди. Шифобахш булоқ суви атрофида ҳам, меҳмонхоналарда ҳам сайёҳлар жуда сийраклашиб қолган. Теварак-атроф эса олтин куз фаслининг сеҳрли куч-қудратидан зумраддек товланади. Яқин кунларда ҳам шифо излаб узоқ-яқиндан келган меҳмонлар ва уларга хизмат кўрсатаётган мезбонларнинг жарангдор овозлари, кулгу ва қувончлари ўрнини сукунат эгаллагандек, гуё. Пурвиқор тоғ қўйнидан эсаётган майин шабада дов-дарахтларни оҳиста силаб, сарғайган япроқларни ерга тўкади. Ноёб булоқ ва камардаги тошлардан сизиб чиқаётган сеҳрли сувнинг сокин шилдираши қалбга ўзгача ором бахш этади. 

Шу кунларда Омонхона тарафларга юриш қилсангиз оҳиста эсаётган тоғ шабадасидан, сарғайган япроқларнинг сокин шивирлаши-ю, булоқ сувининг ёқимли шилдирашидан роҳатланасиз. Мафтункор куз фаслининг зийнати, гашти бўлакча эканини чуқур ҳис этасиз.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА 

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 5 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?