Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
USAID АЁЛЛАР УЧУН КАСБИЙ ТАЪЛИМ ДАСТУРИНИ БОШЛАДИ

2022 йил 19 сентябрь, Тошкент, Ўзбекистон. Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) гендер зўравонлигини бошдан кечирган ёки унга дуч келиши мумкин бўлган мингдан зиёд қишлоқ аёллари учун мўлжалланган касбий таълим ва тадбиркорлик соҳасидаги ўқув дастурини бошлади. USAID дастур битирувчиларига малакали иш қидириш ва ўз бизнесини очишда ҳам кўмаклашади. Ташаббус умумий қиймати 3,4 Миллион АҚШ долларига тенг бўлган ҳамда Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш дастури доирасида амалга оширилаётган бўлиб, у меҳнат бозорида ўзбекистонлик қишлоқ аёлларини тадбиркор ва малакали ишчи сифатида иштирок этишига кўмаклашади.

Жорий йилнинг 10-октябр куни  АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) вакиллари Бойсун туманидаги ҳунармандлар Малика Подшоева, Нилуфар Жўраева ҳамда Феруза Холиқоваларнинг ҳунармандчилик марказларида бўлиб, улар томонидан хотин-қизлар учун яратилган имкониятлар, ўқув курслари ҳамда ҳунармандчилик махсулотлари билан яқиндан танишдилар.

USAID Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит қуйидагиларни таъкидлади: "Гендер зўравонлигининг олдини олиш ва унга нисбатан чоралар кўриш АҚШ ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглигини илгари суриш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга содиқлигининг энг муҳим жиҳати ҳисобланади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва гендер зўравонлигини бошдан кечирган аёлларга ўқиш ва ишга жойлашиш имкониятларини тақдим этиш орқали USAID инклюзив иқтисодий ўсиш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари кенгайишини қўллаб-қувватлайди".

Охирги йилларда Ўзбекистон ҳукумати гендер зўравонлигига қарши курашиш борасида бир қатор муҳим чораларни амалга оширди, ҳусусан, Хотин қизларни тазйиқ ва  зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги Қонуннинг қабул қилиниши ҳамда 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияини амалга ошириш учун 40 миллион АҚШ доллари ажратилиши шулар жумласидандир.

Махсус касбий малака орттиришга кўмаклашиш, тадбиркорлик соҳасида ўқитиш, мураббийлик ва молиявий қўллаб-қувватлаш орқали USAID аёлларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётдаги иштирокини рағбатлантириб, гендер зўравонлигининг асосий сабабларидан бири бўлган қишлоқ жойлардаги камбағаллик муаммосининг ҳал этилишига ҳисса қўшади.

Ўқув машғулотлари Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида бўлиб ўтади. Касбий тайёргарлик доирасида беморларга қараш, ҳунармандчилик, агробизнес, гулчилик ва пазандачилик соҳаларини қамраб олинади. Тадбиркорлик соҳасидаги ўқиш молиявий бошқарув, бизнесни режалаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва маркетинг йўналишларида бўлиб ўтади. Дастур бир қатор нодавлат ташкилотлари, шу жумладан, "Ойдин Нур", "Раҳмдиллик", "Меҳржон", "Ниҳол" ҳамда "Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази" томонидан амалга оширилади.

2022 йил апрелидан буён USAID кўмагида Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган мингдан зиёд аёл-қизлар бизнес ва тадбиркорлик йўналишларидаги ўқув дастурларини битирди. Шулардан 100 нафардан зиёди ишга жойлашган бўлса, 300 нафари тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтди. Бундан ташқари, USAID аёллар бошқараётган ҳунармандчилик, агротуризм ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 30 га яқин корхона фаолиятини ҳам молиялашитирмоқда. Шунингдек USAID хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш жамғармаси орқали қишлоқ жойларда истиқомат қиладиган 200 нафар аёлни микробизнес очиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 5 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?