Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Улуғлик умримиз безагига айланади

Аждодлар номини хотирлаш инсониятни улуғлайди ва шарафлайди. Бинобарин, Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ тарихий адолатни тиклаш, Ватан озодлиги ва халқ бахт-саодати йўлида шаҳид кетган аждодлар хотирасини ёд этиш ишига катта эътибор берила бошланди.

Мустақиллик қуёши зиёсида қўҳна тарихимиз саҳифаларини очиб, деярли унут бўлаёзган аждодларимизнинг табаррук номларини танидик, уларнинг бебаҳо меросларидан баҳраманд бўлмоқдамиз. Буюк алломалар қаторида меъморлар заковати ила бунёд этилган ёдгорликлар – қўҳна тарихий шаҳарларимиздаги турли даврларнинг ажойиб намуналари халқимиз фахру ифтихорига айланиб бормоқда. Ёш авлод бу бой меросдан тўла баҳраманд бўлиши учун, аввало, қарияларни ҳурмат қилишлари, қадрлашлари, ўз фарзандлик бурчларини бажаришликлари ҳамда тарихларини ўрганишлари лозим бўлади.

ХХ асрнинг буюк ёзувчиларидан бири: “Ота-боболаримизни эсласак, бизни ажиб ҳис-туйғулар чўлғаб олади. Мудом уларни ёдлаб туриш бизнинг бурчимиз, уларнинг хотираси ўзимиз учун зарур. Уларнинг мозорига ташлаганимиз бир сиқим тупроқ – бизни боғлаб турган ришта ҳисобланади”, деган эди.

Анашундай динидан, илмидан, оиласидан, ватанидан воз кечмаган аммо, беайб ўққа тутилган аждодларимиздан бири Ҳазрати Саййид Тожиддинхон Мухторхон ўғли Саййид Эшони Судур эдилар.

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид шундай сўзларни  келтиради;

“Атоқли Нақшбандия Шайхи Эшони Судур номи билан машхур бўлган 20-аср бошида собиқ Шўро ҳукуматининг адолатсиз сиёсати қурбонига айланган Тожиддинхон Эшон Мухторхон ўғли, халқимиз ва дин уламолари томонидан эсланади ва қадрланади”.

Ҳазрати Саййид Эшони Судур 1861 йилда Бойсун туманида туғилиб, умрини меҳнатга, илмга бағишлаган инсон эдилар. 1924-йилда ҳозирги Газа маҳалласидаги Эшонқишлоқда вафот этганлар.

Фарзандлари, неваралари, чеваралари ҳамда маҳалла фуқаролари томонидан ҳашар йўли орқали қабрлари устига мақбара қуриб битказилди.

Ушбу мақбаранинг очилиши маросимида Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Файзулло Маманов, халқимизнинг таниқли ижодкорлари Эркин Аъзам, Эшқобил Шукур, туман ҳокими Асқарали Жўраев ҳамда фуқаролар иштирок этишди.

Мақбаранинг очилиш маросимида сўзга чиққан таниқли ёзувчи шоирлар, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда Сайид Эшони Судур Ҳазратларининг авлодлари мақбара қурилишида меҳнат қилган барча инсонларга ўз ташаккурларини изҳор қилишди.

Бугунги кунда халқимиз томонидан қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжиду мадрасаларни обод қилиш, юрти учун жон фидо қилган ватандошларимизни номларини абадийлаштириш, келажак авлодга улар ҳақидаги тарихни бекаму кўст етказиш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳамда вазифамиздир.  

 

Юнус Холиёров

Бойсун тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари

 

 

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 1 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?