Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Олис ва тоғли ҳудудда сайёр қабул ўтказилди

Жорий йилнинг 17 феврал куни Бойсун тумани ҳокими А.Жўраев тегишли ташкилот раҳбарлари билан биргаликда туман марказидан 65 км узоқликда жойлашган Хўжаидод ҳамда Ўрмончи маҳалласида фуқаролар билан учрашиб, уларнинг мурожаатларини эшитиш ҳамда маҳаллада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Туман ҳокими Хўжаидод маҳалласида қуриб битказилган 50 қатновга мўлжалланган Қўрғонча қишлоқ шифокорлик пункти, «Обод қишлоқ» дастури асосида реконструксия қилинган 18-сонли мактаб, шунингдек ҳоким ёрдамчиси ҳамда маҳалладаги ёшлар етакчиси фаолияти билан яқиндан танишди.

Фуқаролар билан бўлиб ўтган сайёр қабулда ичимлик суви, баҳор мавсумида селни олдини олиш бўйича амалий ёрдам ва маҳаллада маиший хизмат турлари бўйича тадбиркорлик масалалари ўрганилди.

Маълумот ўрнида Хўжаидод маҳалласида 2021 йил «Обод қишлоқ» давлат дастури асосида, 14 км ички йўллар шағалланиб, ижтимоий соҳа объектларига оптик толали алоқа тармоқлари тортилди, 18, 44–сонли мактаблар реконструксия қилинди ва 44-сонли мактаб филиали янгидан қурилди. Шунингдек, 2 дона янги трансформатор ўрнатилиб, 6 км дан зиёд электр симлари янгиланди ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 15,5 км сув қувурлари ётқизиш ишлари амалга оширилган эди.

Шундан сўнг туман ҳокими Ўрмончи маҳалласи фуқаролари иштирокида сайёр қабул ўтказди.

Хусусан тоғли ҳудудларда чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш, деҳқончилик ва асаларичилик соҳасини кенгроқ тадбиқ этиш мақсадида туман ҳокими А.Жўраев томонидан ушбу ҳудудга мос келадиган тадбиркорлик соҳаларини кенгроқ ривожлантириш борасида фуқароларга ўз таклифи ва кўрсатмаларини бериб ўтди.

Фуқаролар томонидан Ўрмончи маҳалласини “Обод қишлоқ” дастурига киритиш, бундан ташқари боғдорчиликни ривожлантириш мақсадида кредит маблағларини ажратиш юзасидан мурожаатлар билдирилди.

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 1 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?