Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Очиқ мулоқот

Тадбиркорларга яратилаётган қулайликлар, Бойсун туманида мавжуд имкониятлар тўғрисида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Очиқ мулоқотда ижтимоий тармоқ фаоллари, журналистлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Нормаматов Фурқат Абдишукурович томонидан Тадбиркорларга яратилаётган қулайликлар, Бойсун туманида мавжуд имкониятлар тўғрисида тўлиқ маълумот бериб ўтилди.

Бугун кунда Давлатимиз раҳбарининг кичик бизнес соҳасига қаратаётган алоҳида эътиборлари ва ташаббуслари натижасида тадбиркорлик соҳаси кундан кунга ҳал қилувчи кучга айланиб, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда тобора катта рол ўйнамоқда.

Бойсун туманида бугунги кунда жами 2037 та тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлиб, шундан, кичик бизнес субъектлари сони 1659 та. Шу жумладан фермер хўжаликлари сони 438 та ва юридик деҳқон хўжаликлари сони 20 тани ташкил этади.

Мазкур корхоналар:

Қишлоқ хўжалигида 857 та;

Саноатда 270 та;

Қурилишда 137 та;

Савдо соҳасида 316 та;

Ташиш ва сақлаш, яшаш ва овқатланиш бўйича, ахборот ва алоқа, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар ва бошқа тармоқ йўналишларида 454 тани ташкил этади.

Жорий йил 1 феврал ҳолатига 228 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди. Бугунги кунда 76 та кичик бизнес субъектлари фаолият кўрсатмаябди.

2021 йил якуни билан туманда 98,8 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари (ўсиш суръати 108,3%) ҳамда 74,7 млрд. сўмлик истеъмол товарлари (ўсиш суръати 105,9%) ишлаб чиқарилди.

Асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 1 трлн. 635 млрд. сўмни, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 1 трлн.
276 млн. сўмни
шунингдек, қурилиш ишлари ҳажми 295,6 млрд. сўмни ташкил этди.

2021 йилнинг якуни билан туманда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 9 тани ташкил этди.

2021 йилда 15 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва хорижий кредит линиялари бўйича ўзлаштириш режаси белгиланган бўлиб, йил якуни билан 16 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва хорижий кредит линиялари бўйича ўзлаштириш амалга оширилиб режа 106% га бажарилди.

 

Бойсун туманини 2021-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тасдиқланган манзилли дастурларига асосан туманда жами 73 та умумий қиймати 2 трлн. 309 млрд. 758 млн. сўмлик лойиҳаларни амалга оширилиши режалаштирилган  ҳамда  1398 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган бўлиб, 2021 йил якуни билан қиймати 59 млрд. 53 млн. сўмлик 54 та лойиҳа фойдаланишга топширилди ва 416 та янги иш ўринлари яратилиши таъминланди.

2022 йилда амалга оширилиши режалаштирилган импорт ўрнини босувчи, экспорт қилишга мўлжалланган махсулотлар ишлаб чиқарувчи йирик ва аҳамиятли лойиҳалар борасида тўхталиб ўтсам:

  • "Ҳоме Мастер" МЧЖ томонидан қиймати 71 млрд. 780 млн. сўмга тенг бўлган “Гипс ва гипса картон ишлаб чиқариш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида жами 5 млн. 600 минг АҚШ долларига тенг кредит маблағи молиялаштирилиши кўзда тутилган бўлиб, ҳозирги кунда тўлиқ кредит маблағи молиялаштирилган. Технологиялар Хитой давлатидан олиб келинган бўлиб, “Темир дарвоза” МФЙ ҳудудида завод қурилиши бўйича жадал суъратларда иш олиб борилмоқда.

Шунингдек, “Инкабод” МФЙ ҳудудида “Алишер” хусусий фирмаси томонидан қиймати 14 млрд. 170 млн. сўмга тенг бўлган “Гипсакартон ишлаб чиқариш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Манзилли  дастурга киритилган 2022 йилда амалга ошириладиган  истиқболли лойиҳалар бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан:

-"Ҳома Мастер" МЧЖ томонидан умумий қиймати 10 млрд. 600 млн сўмга тенг бўлган шифер ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

  • "Фабулло сторй сервис" МЧЖ томонидан Покистонлик инвесторлар билан  ҳамкорликда умумий қиймати 160 млн. АҚШ доллари миқдорида, шундан 100 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция, 45 млн. АҚШ доллари миқдорида хорижий кредит линияси ва 15 млн. АҚШ доллари миқдорида ўз маблағини киритиш орқали  цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга оширилиши режалаштирилган. Шу мақсадда покистонлик инвесторлар  ташриф  буюриб,  лойиҳа доирасида  амалий  ишлар  бошланди.

Бойсун туманида азалдан миллий ҳунармандчилик турлари кенг ривожланиб, уста ҳунармандлар қўлида сайқал топган миллий маҳсулотлари санъат асари даражасида дунё сайёҳларини эътиборини тортиб келган. Ҳунармандчилик ва касаначиликни ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини кўпайтириш мақсадида “Нарзи қушбеги” МЧЖ томонидан умумий қиймати 47 млрд. сўм бўлган меҳмонхона, ҳунармандлар ва туризимни ривожлантириш лойиҳаси амалга оширилиши  режалаштирилган  бўлиб, мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, бу орқали халқимизнинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини тўлиқ сақлаб қолиш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни ҳунармандчиликка кенг жалб этилиб, 80 та иш ўринлари яратиш ҳамда республикамиз халқаро туризм салохиятини ошириб, туристлар  оқимини кўпайтиришга  эришиш кўзда тутилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январида тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожланишини таъминлашга доир
104-сон Қарорлари қабул қилиниши, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш йўлидаги муҳим омил сифатида, кенг имкониятлар яратди.

Мазкур қарор асосида 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари, автотранспортда йўловчи ва юк ташиш, транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, компютер хизматлари, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматларини кўрсатувчи ҳамда кўнгилочар масканларда хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкасини
1 фоиз этиб белгилаш. Бунда:

мазкур солиқ имтиёзи тадбиркорлик субъектлари томонидан, агар уларнинг мазкур кичик бандда кўрсатилган фаолият турларини амалга оширишдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этса, қўлланилади;

мазкур кичик бандда кўрсатилган фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ходимлар сонини яшириш ҳолатлари аниқланганда, мазкур солиқ имтиёзининг амал қилиши тўхтатилади ҳамда қонунчиликда белгиланган молиявий санксиялар қўлланилади;

тадбиркорлик субъектларига 2022 йил 1 январдан бошлаб 2027 йил
1 январга қадар меҳмонхона (жойлаштириш воситалари) ва майдони 5 минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплекслари (шу жумладан, улар эгаллаган ер участкалари) бўйича:

юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаларини 90 фоизга камайтириш. Бунда, 2027 йил 1 январгача янгидан қуриладиган объектларга (шу жумладан, улар эгаллаган ер участкасига) нисбатан мазкур имтиёзни улар фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 5 йил муддат давомида қўллаш;

фойда солиғини ҳисоблашда биноларнинг қийматини икки йил давомида амортизатсия харажатлари сифатида чегириш ҳуқуқини бериш;

2022 йил 1 апрелдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида белгиланадиган туризм ҳудудларида рўйхатдан ўтган ҳамда ушбу ҳудудда умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун:

айланмадан олинадиган солиқ ставкасини — 1 фоиз;

ушбу ҳудудлардаги объектлар ва улар эгаллаган ер участкаси бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи миқдорларини — мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида белгиланди.

Шу билан биргаликда тумандаги “Мустақиллик” махалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этиладиган «Янги Ўзбекистон» массивида 37 та хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этилиши белгиланди.

Тумандаги “Истиқлол” ва “Олмазор” кўчаларида махсус хизмат кўрсатувчи 84 та сервис объектлари ташкил этилади.

Туман ҳудудидан ўтувчи М-39 магистрал йўлининг 1 333 км ўнг томонида хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этиш учун 2 гектар ер майдони ауксионга чиқарилади.

Бундан ташқари, жорий йилда Ҳурматли Президентимизнинг топшириқлари асосида, аҳолининг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, тижорат банклари томонидан ҳар бир хонадонга банк ва молиявий хизматларни таклиф қилиш ва уйма-уй юриш тадбирларини тизимли ташкиллаштириш орқали кредитлаш дастурини амалга ошириш билан катта имкониятлар яратилди.

 

Шунингдек очиқ мулоқот давомида тумандаги тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида журналист ва ижтимоий тармоқ фаолларининг саволларига батафсил жавоб берилиб, таклифлар инобаатга олинди.

  • Ҳозир сайтда
  • 5 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?