Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
“Навоий ҳамиша барҳаёт”

Инсоний ишқ-муҳаббатни, меҳру вафо, иффат, шарму ҳаё ва назокатни ёниб, ҳассослик билан куйлаган Навоийнинг гўзал сатрларини ўқиганда буюк ва олижаноб қалб садоларини сезиб турамиз. Бу юрак туғёнлари, мана, орадан беш ярим асрдан зиёд вақт ўтса ҳамки, миллионлаб одамларни ҳаяжонга солиб келмоқда.

Бойсун туманида ҳам туман ҳокимлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази Бойсун туман бўлинмаси ҳамда Туман Маданият бўлими ҳамкорлигида буюк мутафаккир, шоир, ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига бағишланган “Навоий ҳамиша барҳаёт” мавзуйидаги маданий-маърифий тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, тумандаги ташкилот ва корхона раҳбарлари, ўқувчи ёшлар, зиёлилар ҳамда фаоллар иштирок этишди.

Тадбирда буюк мутафаккир Алишер Навоий ижодига бағишланган театрлаштирилган саҳна асарлари, куй-қўшиқлар ғазал ва рубоийлар санъаткорлар томонидан ижро этилди.

Навоий ижодига назар ташласак, шеъриятнинг 16 хил жанрида ижод қилган бўлиб, ғазал, рубоий, туюқ, фард, қитъа, мухаммас, мусаддас ва ҳоказо. Бу каби жанрларда ҳеч бир шоир Навоийдек ижод қилганлигини учратолмайсиз.

Улуғ бобомиз шеър ёзишда фақатгина ўзбек тили имкониятлари билан чегараланиб қолмаган, бошқа тиллардан ҳам унумли фойдаланган. Ўткир Ҳошимов бу борада қуйидагиларни қайд этади:

"Олимлар ҳисоблаб чиқишган. Пушкин ўз асарларида 21197 та бетакрор сўз ишлатган, Шекспир салкам 20 мингта, Сервантес мингтага яқин. Алишер Навоий эса 1 миллион 378 минг 660 та бетакрор сўз ишлатган. Боиси, буюк бобомиз фақат туркий эмас, форсий, арабий, урду, хитой, мўғул ва бошқа тиллардаги сўзлардан ҳам маҳорат билан фойдаланган".

Далиллардан кўриниб турибдики, Навоийнинг сўз захираси ниҳоятда улкан. Ҳазрат ишлатган сўз ўйинлари кўлами ҳам беқиёсдир. Навоий нафақат шоир, таржимон, тилшунос олим, балки давлат арбоби сифатида ҳам тарихда катта из қолдирган. Ана шунинг учун ҳам унинг кўп рубоийлари, достонлари халқни қай йўсинда бахтли-саодатли қилмоқ мумкин, саволига жавоб тариқасида ёзилгандир. Бугун Алишер Навоий ҳақли суратда жаҳон маданиятининг мумтоз вакиллари сафидан ўрин олди. Унинг асарлари жаҳондаги юзлаб тилларга таржима қилинди. Дунё аҳли унинг мероси билан қизиқмоқда, асарларида тараннум этилган олижаноб ғоялар ва фалсафий мушоҳадаларидан завқ олмоқда.

Ўзбек халқининг учта бахти бор. Биринчи бахти мустақиллик, иккинчи бахти ер ости ва ер усти бойликлари бўлса, учинчи бахти Навоийдир.

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 19 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?