Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Аҳолини рўйхатга олиш нега 10 йилда бир марта?

Дунё бўйлаб минг йиллар давомида ўтказиб келинаётган аҳолини рўйхатга олиш тадбири илк бор эрамиздан аввалги 3800 йилларда  бобилликлар томонидан ўтказилганига тарихий ишоралар бор. Ҳар 6 ёки 7 йилда ўтказилган бундай тадбирларда аҳоли ва чорва сони, мева-сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори ҳисобга олингани ҳақида тарихий манбаларда айрим маълумотлар сақланиб қолган.

Қадимги Миср, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония, Вавилон, Грециява Юнонистон давлатларида эсааҳолини рўйхатга олиш тадбирлари солиқ тўловчилар ва ҳарбий хизматга яроқли аҳоли сонини билиш мақсадида ўтказилган.Шунингдек, шаҳарлардаги ерлар ва хўжаликлар, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ҳамда улар билан бирга аҳолини статистик ҳисобга олишнинг турли шакллари мавжуд бўлган.

         Аҳолини мунтазам рўйхатга олиш тарихи 1790 йилга бориб тақалади. Ўшанда АҚШда, 1801 йилда эса бир вақтнинг ўзида Англия, Шотландия, Франция, Дания ва Норвегияда шундай тадбирлар ўтказилган.Бироқ улар ҳали мукаммал бўлмагани ҳолда, узоқ вақт давомида аниқ бир вақтга боғлиқ бўлмаган, белгиланган қоидаларга амал қилинмаган тарзда олиб борилган.

1846 йилда йирик статистик олим Адольф Кетл (1796-1874) бошчилигида Бельгияда ўтказилган рўйхатга олиш  биринчи чинакам илмий рўйхатга олиш дея эътироф этилади. Унинг ўзига хослиги шундаки, рўйхатга олиш муддати бир кунлик бўлиб, ҳақиқатда мавжуд аҳоли ҳисобга олинган. Мазкур рўйхатга олиш тажрибасидан кейинчалик, Европанинг кўплаб давлатлари фойдаланган.1870-1879 йилларда дунё бўйича атиги 48 та давлатда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилган бўлса, ХХ аср охирига келиб, деярли барча давлатлар ўз аҳолисини рўйхатга олишга киришди.

Бугунги кунда БМТ дунё мамлакатларини ҳар 10 йилда камида бир маротаба ўз аҳолисини рўйхатга олишга даъват этади. Шу важдан, аксарият мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ҳар 10 йилда бир маротаба ўтказилади. Хўш, нега айнан 10 йилда бир марта? Бунинг бир қанча сабаблари бор, албатта. Аввало, 10 йил ичида жамиятда салмоқли ўзгаришлар рўй беради.Аввалги рўйхатга олиш усуллари самарадорлиги сезиларли даражада камайиши сабабли, сўровномалар мазмунига тузатишлар, маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш усулларига замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришлар киритиш талаб этилади.

Юртимизда ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мустаҳкамланди.

Мазкур йирик ижтимоий тадбир орқали, биринчи навбатда, жами аҳолининг  сони (2022 йил 1 январь ҳолатига Бойсун туман ахолиси 119,6 минг кишини ташкил этган), фуқаролиги, никоҳ ҳолати яъни расмий никоҳ, норасмий никоҳ ёки эрта никоҳ, одамларимизнинг таълим даражаси (ўрта, ўрта махсус ёки олий), яшаш учун даромад манбалари, уйсизлар сони,уй хўжалинининг яшаш шароитлари каби бир қанча кўрсаткичлар бўйича бугунги кунда етарлича мавжуд бўлмаган маълумотлар базаси шакллантирилади. Шаҳарча, маҳалла, қишлоқ ва овуллар сони ҳамда уларнинг чегаралари, турар жойлар сони, улардаги мавжуд шарт-шароитлар тўғрисидаги маълумотларга аниқлик киритилади.

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?