Бугун Бойсун туманида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясининг 29 йиллиги муносабати билан маданий, маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирни туман ҳокимининг ўринбосари Дилмурод Алмосович Хафизов табрик сўзи билан очиб берди.
1992 йил 10 декабр куни Олий Кенгашнинг Ўн биринчи сесиясида “Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси” тўғрисидаги Қонун қабул қилинди. Давлат мадҳиясида 130 йил давомида эрк ва ҳуқуқлари поймол этилиб, камситиш ва таҳқирлашлар ичра яшаб келган халқнинг истиқлоли, орзу-умидлари, улуғ мақсадларини топди. Диёримиздаги барқарор янгиланишлар боис давлат рамзлари қабул қилинган кунларни йил сайин янада юксак фахру ифтихор билан байрам қилиш анъанага айланди.
Бу –улуғ кун, ўзини шу муқаддас юрт фарзандиман, мен тақдиримни она Ватаним тақдиридан айро кўролмайман, уни меҳрибон онамдей, отамдай севиб ардоқлайман, асрайман, деган ҳар бир ўзбек, Ўзбекистон фуқаросининг, ватандошларимизнинг байрамидир.
Мадҳия-миллатни ҳамиша ўз озодлик йўли, аҳдида собит тутиб турувчи руҳий қувват манбаи ҳамдир. Шунинг учун ҳам тараққий топган дунё халқлари ўз давлатининг мадҳиясини нафақат тантанали ва мунаввар кунларида, ҳатто энг заҳматли ва синовли онларида ҳам тик туриб мардона куйлайдилар. У миллатни халқни бирлаштирадиган, юксалтирадиган енгилмас кучга, юксак ирода ва қатъият, жасорат тимсолига айлантира оладиган қўшиқдир.
Мадҳия янграмоқда. Ўтмишимиз, бугунимиз, келажагимизни мадҳ этувчи муқаддас қўшиқ юртимиз бўйлаб янграмоқда.
“Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,” –Бу – бугун қўлида мустақиллик яловини баланд кўтариб шижоатли раҳнамоси бошчилигида тарақиётнинг янги даврига қадам қўйган, “Миллий тикланиш-дан миллий юксалиш сари” дадил ва қатъият билан одимлаб бораётган, кўксида ифтихору садоқат тоғлари собит бўлган улуғ халқ қудрати, бунёдкорлиги, илму ижоди жўш ураётган, дунё эҳтиром этаётган Давлат ҳақидаги боқий шижоатномадир.
Шунингдек байрам тадбирида ёшлар томонидан саҳна кўринишлар, куй қўшиқлар ҳамда шеърий композитсиялар ижро этилиб, тадбирга юқори кайфият улашди.
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024