Ассалому-алайкум ҳурматли юртдошлар, азиз туманимиз аҳли !
Барчангизни, сизлар орқали бутун туманимиз халқини бугунги улуғ айём – мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман.
Конституция ҳар бир мамлакатнинг суверенитети, миллий давлатчилиги ривожи, фуқароларининг ҳаёти, жамиятдаги ўрни ва турмуш тарзини белгилаб берувчи асосий қонунидир. Бундан 29 йил муқаддам қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини ифода этиб, халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган қоидаларига асосланган, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг мустаҳкам йўлини белгилаб берди.
Асосий қонунимиз негизида яратилган “Янги Ўзбекистон стратегияси” бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда, инновацион ва индустриал ривожланиш сари одимлашда беқиёс ўрин эгалламоқда.
Халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш фаолиятимиз мезонига айланмоқда.
Бошлаган улкан ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда ушбу масалаларнинг аҳамияти кун сайин тобора ортиб бораётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Айнан шу сабабли Бош қомусимизни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш – барчамизнинг шарафли бурчимиздир.
Азиз ва муҳтарам дўстлар!
Бош қомусимизда мустаҳкамланган ҳуқуқий нормалар давлатни модернизатсиялаш ва жамиятни демократлаштириш, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотларнинг асоси сифатида халқимизни ягона мақсад йўлида бирлаштириб турган ҳаётбахш манба экани ҳеч кимга сир эмас.
Ўтган 29 йиллик тарихан қисқа даврда Конституциямиз янги демократик давлатчилик ҳамда эркин фуқаролик жамияти қарор топишининг мустаҳкам кафолати бўлди. Бош Қомусимиз олдимизга қўйилган улуғвор вазифаларга эришиш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга қанот бахш этиб, мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётини янгилаш, ижтимоий адолатни қарор топтириш ва қонун устуворлигини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Конституциямизнинг 18-моддасида “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларига эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар” деб кўрсатилганлиги Бош Қомусимизнинг нақадар инсонпарвар эканлигини яққол исботидир.
Қадрли юртдошлар!
Давлат ўз сиёсатини юритишда, албатта, Конституцияга асосланади. Қабул қилинаётган ҳар бир қонун Конституцияга мос бўлиши, унда белгиланган меъёрларга тўғри келиши лозим. Биз ҳар бир масалада – у давлат сиёсати билан боғлиқми, фуқаролар манфаатими ёки бошқа масалаларга оидми, ҳаммасида Конституцияга таянишимиз керак.
Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси Конституцияни, ўз ҳақ-ҳуқуқлари, бурч ва мажбуриятларини яхши билиши лозим.
Шуни унутмаслигимиз керакки, қонун устувор демократик давлатда яшар эканмиз, ҳар бир фуқаро аввало Конституцияни ва ўзига тааллуқли қонунларни ҳурмат қилиши, уларга қатъий амал қилиши лозим.
Конституциямиз халқимизнинг юксак тафаккури самараси маҳсули. Уни беназир ҳуқуқий қадрият сифатида асраб-авайлаш, ўқиб-ўрганиш, унга оғишмай риоя қилиш, баён этилган ҳуқуқлардан самарали фойдаланиш ва бурчларни виждонан масъулият билан бажариш, келажак авлодга улуғ неъмат сифатида етказиш, у билан фахрланиш ҳар бир ўзбекистонлик учун шарафдир.
Сўзимнинг якунида Сиз, азизларни Конституциямизнинг қутлуғ байрами билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик тилаб қоламан.
Эътиборларингиз учун раҳмат.
Бойсун тумани ҳокими Асқарали Чориеич Жўраев
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024