Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Бойсун тумани ҳокими Асқарали Жўраевнинг Бойсун тумани аҳолисига МУРОЖААТИ

Ассалому алайкум, ҳурматли воҳадошлар азиз бойсунликлар!

Бугун Сизга юртимизни, жонажон ватанимизни, яшаб турган масканимизни тоза, озода,  кўркам ҳудудга айлантиришда ҳар биримиз масъул эканлигимизни англаган ҳолда  Сиз ҳурматли Бойсун тумани аҳолисига мурожаат билан чиқмоқдаман.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 2 ноябр куни ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида  аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш, шунингдек, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва она табиатни асраш учун кўчат экиб, боғ яратиш, ҳавомиз мусаффолигини сақлаш борасида дарахт экиш умуммиллий акцияси эълон қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини татбиқ этиш ҳамда дарахтларни экиш, парваришлаш ва кўкаламзорлаштириш тизимини самарали ташкил этиш мақсадида “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.

Лойиҳа доирасида 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида «1 миллион дарахт» ташаббуси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича бошқарма ва ташкилотлар кесимида дастур ишлаб чиқилди.

Шу жумладан, туманимиздаги 39 та маҳалла, 49 та аҳоли пункти, 4 та шаҳарча ва 378 та кўчаларни обод қилиш ҳамда  манзарали ва мевали дарахт кўчатларини ўтқазиб, она табиатимизни асрашга ўз ҳиссамизни қўшиш мақсадида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқдик.

Жорий йилнинг ноябр-декабр ойларида 396 минг туп, 2022-йил жами лойиҳа доирасида 1 миллион 63400 минг туп кўчат экишни режалаштирганмиз. Бугунги кунгача “Долзарб 40 кунлик”да 287 мингдан ортиқ кўчатлар экилди.

Дастурлар, чора-тадбирлар албатта қоғозда жуда ҳам чиройли, салмоқли. Лекин уни амалга оширишда  масъуллар ва ҳар бир туманимиз фуқароси фидойилик, ватанпарварлик, шижоат, ўз шаҳрига, яшаётган маҳалласига меҳр-муҳаббат туйғуси билан амалга ошириш даркор.

Кўчаларда юрганимизда кўриб турибмизки, дарахт экиш, яшаб турган жойимизни ободонлаштиришимиз учун туман ташкилот раҳбарлари ва ходимлари жонбозлик ва шахсий намуна кўрсатиш учун аллақачон кўчат экиш ишларини бошлаб юборишди. Бу албатта мақтовга лойиқ. Ўз ўрнида бошқалар ҳам «яшил макон» уммумиллий лойиҳасида ўз ташаббусини кўрсатиши, яшаб ёки ишлаб турган жойини кўкаламзорлаштириб, обод қилиши лозим.

Азиз бойсунликлар! Сиз доим илғорлар қаторида бўлгансиз. Шунинг учун ҳам Сизларга ишончим катта. Ўйлайманки, Она табиатимизни асраш, авайлаш ва уни авлодларга соф ҳолда етказиш учун масъул эканлигимизни теран англаган ҳолда ҳар бирингиз кўчат экиш акциясида, «яшил макон» қуриш ҳамда «долзарб 40 кун» кўкаламзорлаштириш умуммиллий лойиҳасида ўз ниҳолингизни қадаб, фаол иштирок этасиз! Бунга ишонаман азиз бойсунликлар!

 

Асқарали Чориевич Жўраев

Бойсун тумани ҳокими

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 21 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?