Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
СТАТИСТИКАДА РАҚАМЛИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР

Замонавий ахборот ­коммуникация воситаларининг қўлланилиши ҳисобига молиявий, тижорат ва давлат хизматларидан кенг қамровда ҳамда қулай тарзда фойдаланиш имконияти вужудга келди. Рақамли технологияларнинг пайдо бўлиши статистик хизматлардан кенг фойдаланишнинг янги истиқболларини келтириб чиқарди. Уларнинг такомиллашиб бориши туфайли маълумотлар йиғишнинг анъанавий воситалари эскириб бораётгани тобора кўриниб қолмоқда. Бу, ўз навбатида, замонавий усуллардан фойдаланишни тақозо этмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора­тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2020 йил 3 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора­тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги зиммасига статистик маълумотларни сақлаш, қайта ишлаш ва тақдим этиш бўйича ахборот тизимлари, корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри платформасини такомиллаштириш, аҳолини рўйхатга олиш жараёнини автоматлаштириш каби вазифалар юклатилган.

Фармон ижроси доирасида рақамли иқтисодиёт ва замонавий технологияларни чуқур ўрганиш ҳамда уларни статистика фаолиятига жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Маълумотлар қандай тўпланади? Статистик маълумотларни йиғиш жараёни соҳадаги ишларни юритишнинг энг муҳим ва ажралмас қисми ҳисобланади. Унинг тўғри ва самарали ташкил этилиши таҳлилий маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва аниқлигига бевосита таъсир кўрсатади. Статистика агентлиги томонидан бирламчи маълумотларни йиғиш жараёнида қуйидаги технологиялардан фойдаланиб келинмоқда:

— e­Stat 4.0 автоматлаштирилган ахборот тизими орқали олинган маълумотлар;

— планшет қурилмалари орқали ўтказилган кузатувлар натижалари;

— статистика интеграллашган ахборот тизимида (СИАТ) вазирлик ва идораларнинг маълумот базалари билан интеграция орқали олинган ахборотлар;

— телефон сўровлари, веб­сайт орқали ўтказилган сўровномалардан олинган маълумотлар.

2020 йилдан бошлаб статистика ҳисоботини қабул қилишнинг веб­технологияга асосланган автоматлаштирилган ахборот тизими (“e­Stat 4.0”) агентлик мутахассислари томонидан ишлаб чиқилиб, ишга туширилди. У ҳисоботларни шакллантириш ва тақдим этишда алоҳида дастурий таъминот ўрнатишни талаб этмайди, юборилган маълумотлар ҳолати автоматик тарзда текширилади. Статистик кузатувлар билан боғлиқ барча жараён ҳақида “шахсий кабинет” ёрдамида хабардор қилинади ва бошқа қулайликлар тақдим этиб келиняпти.

Ҳозирги кунда статистик вазифаларни бажаришда дунёда бу соҳада иш олиб борувчи ташкилотлар бир қанча дастурий маҳсулотлардан фойдаланади. Статистика агентлигида ҳам хорижий тажрибани ўрганган ҳолда STATA дастурий пакетини маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш жараёнига жорий этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Ундан катта ҳажмдаги статистик маълумотларни таҳлил қилиш, регрессион ва корелляцион моделларга қўшимча равишда жадвалли, таҳлилий ҳисоботлар, графикларни яратишда фойдаланилмоқда. Big Data ва сунъий интеллект (AI) технологияларини йўлга қўйиш эса уларни етказиб бериш муддатини янада қисқартиради.

Ҳозирги вақтда Давлат статистика агентлигининг stat.uz расмий веб­сайти, услубий материаллар учун lib.stat.uz, гендер статистикаси юзасидан gender.stat.uz, барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича nsdg.stat.uz, ҳудудий бошқармалар ва кадрлар малакасини ошириш, статистик тадқиқотлар институти веб ­сайтлари Интернет глобал ахборот тармоғига уланган ҳолда фаолият олиб боряпти.

“Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясига мувофиқ ҳамда давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-­тадбирлар ижроси доирасида “Статистика” интеграллашган ахборот тизими яратилган. Унинг негизида siat.stat.uz Ўзбекистон Республикаси статистика портали ишга туширилган. Ҳозирги кунда “Статистика” интеграллашган ахборот тизимида 19 йўналиш бўйича 2 мингдан ортиқ расмий кўрсаткичлар 10 йиллик динамик қаторларда, шунингдек, 30 йиллик асосий макро­кўрсаткичлар 5 йиллик кесимда фойдаланувчиларга қулай ва бепул шаклда юклаб олиш учун Excel, PDF ва JPG форматларда тақдим этиляпти.

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?