Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Коррупсияга қарши курашиш – асосий мақсадимиздир

Коррупсияга қарши курашиш дунё миққиёсида бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда.

 Юртимизда бугунги кунда мазкур иллатга қарши курашишда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан Миллий парламентимиз томонидан қабул қилиниб,  Президентимиз томонидан 2017-йил 3-январ куни имзоланган «Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун анна шундай тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлардан биридир.

Коррупсия нима?  Бу ҳақда ҳамманинг ўзига хос тасаввури, тушунчаси бор, албатта. Қонунда унга шундай таъриф берилган: «коррупсия — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худи шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш».

Қонунда коррупсияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар, коррупсияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, коррупсиянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби масалалар аниқ белгилаб қўйилган.

Мазкур қонунда коррупсияга қарши курашишнинг асосий принциплари белгилаб қўйилган бўлиб улар қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

очиқлик ва шаффофлик;

тизимлилик;

давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги;

коррупсиянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги;

жавобгарликнинг муқаррарлигидир.

Коррупсияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ўрта муддатли истиқболда қуйидагилардан, яъни:

суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;

давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупсиянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш;

давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

коррупсия билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш,  жамиятда коррупсияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;

давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш;

фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупсияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилишдан иборат экани белгиланди.

Коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш. билан яқиндан танишиш, унинг ҳар бир моддасини чуқур ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этишга интилиш, содда қилиб айтганда, коррупсия балосининг нақадар муд­ҳиш иллат эканини тушуниш, мустақил идрок этиш, энг муҳими, унга қарши курашиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Дунёда коррупсиянинг тури ҳам, тавсифи ҳам жуда кўп. Унинг келиб чиқиш сабабларини очиш, унга қарши курашишнинг самарали йўлларини топиш бўйича олимлар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Турли кўрсаткич ва рақамлар акс этган жадваллар яратилган, ўзига хос рейтинглар тузилган. Ҳатто коррупсиянинг хилма-хил формулалари ҳам ишлаб чиқилган. Бу борадаги ишлар ва изланишлар изчил давом этмоқда.

Ижтимоий-тарихий вазият, фуқароларнинг ҳуқуқий дунёқараши, давлат тузилиши, иқтисодий ривожланиш омилларидан келиб чиқиб, ҳар бир давлат коррупсияга қарши ўзига хос усулларда курашмоқда. Бу борада энг самарали йўл ҳали топилган эмас. Чунки коррупсия бир қарашда оддий жиноят бўлиб кўрингани билан аслида унинг келиб чиқиши ва яшовчанлик сабаблари жуда чигал ва мураккабдир.

 Бир давлатда натижа берган усул бошқа давлатда у қадар самара кўрсатмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳар бир давлат ва жамият коррупсияга қарши курашиш йўлини ўзи танлайди, аниқроғи, қандай йўл тўғри эканини ҳаёт кўрсатади. Қонунда коррупсияга қарши курашни кенг қамровда олиб бориш чоралари кўзда тутилгани, бу борада ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.

Сўнгги вақтларда жамиятимиз ҳаёти, мамлакатимиз иқтисодиётининг турли соҳаларини янада жадал ривожлантириш бўйича қабул қилинган қонунлар, Президент қарор ва фармонлари ана шу эзгу мақсадга қаратилганлигини англаш қийин эмас.Судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш ёхуд тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, турли бюрократик тўсиқ ва ғовларни йўқ қилиш ҳақидаги ҳамда бошқа бир қанча қарор ва фармонлар одамларнинг йўлини очишга, Ўзбекистонимизнинг жозибасини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Коррупсияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун бу борадаги ислоҳотлар янада изчил тус олишига шароит яратмоқда, бу эса халқимизда катта умид уйғотмоқда. Коррупсияга қарши курашиш том маънода барчамизнинг бурчимиздир.

 

Жиноят ишлари бўйича

Бойсун туман суди раиси                                                                            А.Рахматов

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 4 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?