Оилада эр ва хотиннинг ўзаро муносабатларда бир-бирини тушуниши ушбу оиланинг тинчлиги ва бахтиёрлигининг асоси бўлиб хизмат қилади. Акс ҳолда келишмовчиликлар жанжалга, жанжаллар эса суд остонасига қадар етаклаши мумкин. Кейинги жараёнларнинг қандай якун топишидан қатъий назар, қабул қилинган қарорлар иқтисодий зарар ёки бошқа турдаги жавобгарликни келтириб чиқармасда қолмайди.
Бойсунлик Беҳрўзбек Самиев (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) ўқишдан уйга қайтгач ювиниб олишга қарор қилди. Шу мақсадда турмуш ўртоғи Маликадан сув тайёрлаб беришини сўради. Бироз тоби бўлмай турган аёлга бу малол келиб, эрига бироз терс жавоб қайтарди. Эр эмасми, Беҳрўзбекка хотинининг бу муомаласи маъқул келмай, даҳанаки жанжал кўтарди.
Жанжалда ҳар икки томон ҳам бўш келмади. Натижада эр жаҳлга эрк бериб, Маликани ура кетди. Ҳам ҳақорат, ҳам калтакланган аёл уйдан кетиб, турмуш ўртоғига нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраб мурожаат қилди.
Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида Беҳрўзбекнинг мазкур ҳуқуқбузарлиги муҳокама қилиниб, Маликага ҳам сўз берилди. Аёл гарчи эрига нисбатан даъвоси йўқлигини билдирган бўлса-да, суддан масалага нисбатан қонуний қарор қабул қилинишини сўради.
Амалдаги қонунчиликка кўра бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсни ёки болани, шунингдек умумий фарзандга эга бўлган шахсни дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.
Мазкур ҳуқуқий нормага асосан Беҳрўзбек Самиевга суд томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида 1.500.000 сўм жарима жазоси тайинланди. Албатта, мазкур жазо эндиликда унга жаҳлга эрк бермасликка, оилада тинчликни асрашга ҳаракат қилишга туртки берса ажаб эмас.
Низом Маҳмудов,
Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди тергов судьяси.
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025