Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Медиация: тушунчаси, мақсади ва принциплари

Сўнгги йилларда ҳуқуқни ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг вақт ва маблағини тежаш, турли қоғозбозликларнинг олдини олиш, низоларни тарафларнинг ярашувига асосан тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган ҳуқуқ институтлари, хусусан, медиация институти ва ҳакамлик судлари томонидан низоларни судгача ҳал қилиш амалиёти кенг қўлланилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 17 июнда қабул қилинган “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада янги босқични бошлаб берди.

Шу асосда “Медиация тўғрисидаги” Қонун қабул қилинди ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал ва Фуқаролик процессуал кодексларга “медиация” атамаси киритилди.

“Медиация тўғрисидаги” Қонуннинг мақсади медиация соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, татбиқ этилади.

Медиация махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилади.

Тарафлар ва медиатор медиация иштирокчиларидир. Жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши мумкин.

Медиация икки ва ундан ортиқ тарафлар ўртасида бўлиши, шунингдек бир ёки бир нечта медиатор томонидан амалга оширилиши мумкин тарафлар медиацияда шахсан ёки ўз вакили орқали қонунчиликка мувофиқ иштирок этади.

Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида давлат органининг бевосита аралашуви тақиқланади.

Медиатив келишув тузилганлиги юзасидан суд амалиётидан мисол:

Даъвогар – “O'ZAGROLIZING” акциядорлик жамияти судга
даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар – “AGRO KOMPLEKS XIZMATI MMTP” масъулияти чекланган жамиятидан 236.189.000 сўм асосий қарз ва 118.094.500 сўм пеня ундиришни сўраган.

Суд мажлисида даъвогар вакили билан жавобгар ўртасида медиатив келишув имзоланганлигини маълум қилиб, даъвони кўрмасдан қолдиришни сўраган.

Суд, ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд мажлисида берган кўрсатувини тинглаб, иш бўйича тўпланган барча далилларни батафсил тафтиш этиб, қуйидаги асосларга кўра, даъво аризасини кўрмасдан қолдириш лозим деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, ишдаги мавжуд ҳужжатлардан кўринишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2023 йил 24 июль куни тузилган медиатив келишувнинг 1.1 ва 1.2-бандларига мувофиқ, жавобгар томонидан асосий қарзни тўлиқ тўлаб берганлиги сабабли, даъвогар даъвонинг пеня қисмидан воз кечганлиги сабабли даъвогар жавобгар билан низо бўйича ўзаро медиатив келишувга эришган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
107-моддаси 1-қисми 5.3-банди - тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, суд даъво аризасини кўрмасдан қолдиради.

Ўзбекистон Республикаси “Медиация тўғрисида”ги қонуни
17-моддасининг бешинчи қисмига кўра, низо медиатив келишув билан медиация тартибида ҳал қилинган тақдирда, тўланган давлат божи қайтарилиши керак.

Шунга кўра, суд даъвогар- “O'ZAGROLIZING” акциядорлик
жамиятининг жавобгар – “AGRO KOMPLEKS XIZMATI MMTP” масъулияти чекланган жамиятидан 236.189.000 сўм асосий қарз ва 118.094.500 сўм пеня ундириш тўғрисидаги даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни лозим топган.

Бунинг натижасида тарафларнинг 7.085.670 сўм маблағи тежаб қолинган маблағларни эгалари томонидан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун сарфлаш имкони юзага келган.

Шу ўринда Шеробод туманлараро иқтисодий судида 2023 йил
11 ой давомида жами 3034 та иқтисодий иш кўриб чиқилган бўлиб, шуларнинг 107 таси тарафларнинг медиатив келишувига эришилган ва даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, низолашаётган тарафларнинг медиатив келишув тузишга эришишлари уларнинг келгусидаги манфаатли ҳамкорлигининг давом этишига хизмат қилади ҳамда мавжуд низони низосиз ҳал қилиш, турли оворагарчиликларнинг олдини олиш ва ишни судда кўриш билан боғлиқ давлат божидан озод бўлиш борасидаги муҳим ва зарур воситадир.

 

Сурхондарё вилоят суди судяси        У.У.Тожиев

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 1 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?