Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
“Зўравонликка қарши 16 кун” акциясида фаол бўлайлик

Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича комплекс чора-тадбирлар, хусусан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, бу борада давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини такомиллаштириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш учун чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.                                   

Хусусан, Мамлакатимизда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилишга оид бир қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди. Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда шахсни зўравонликлардан, шу жумладан оилада содир этиладиган жиноий зўравонликлардан ҳимоя қилиш механизми мустаҳкамлаб қўйилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро келишув ҳамда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича халқаро келишув
оилани жамият асосидаги гуруҳ деб тан олади ҳамда
шахсни оиладаги зўравонликлардан ҳимоя қилади.
            Миллий қонунчилигимизда ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, унинг ҳаёти,
соғлиғи, қадр-қиммати ва бошқа қонуний манфаатларини
ҳимоя қилиш масалалари кенг устувор вазифа этиб белгиланган.
           Ўзбекистон Республикасининг ”Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунинг  
           3-моддасида     
           жинсий зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан уларнинг розилигисиз шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш орқали жинсий дахлсизликка ва жинсий эркинликка тажовуз қиладиган зўравонлик шакли, шунингдек зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилиш ёхуд аёл жинсидаги вояга етмаган шахсларга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар содир этиш орқали учинчи шахс билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаш;

жисмоний зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шакли;

зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик);

иқтисодий зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан турмушда, иш жойларида ва бошқа жойларда амалга оширилган зўравонлик шакли, хотин-қизларнинг нормал яшаш ва камол топиш учун озиқ-овқат, уй-жой ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини, мулк ҳуқуқини, таълим олиш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишни чеклашга олиб келадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик);
иш жойи — ўзи билан тузилган шартномага мувофиқ меҳнат мажбуриятларини амалга ошириш ёки хизмат вазифаларини бажариш учун бўлиши ёки бориши лозим бўлган, иш берувчи томонидан бевосита ёки билвосита назорат қилинадиган жой;

руҳий зўравонлик — хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш, шунингдек уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракат (ҳаракатсизлик);
тазйиқ — содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик;
тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи — ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилиши таҳдиди остида бўлган ёки тазйиқ ва зўравонлик натижасида жабрланган аёл жинсидаги шахс;
тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш — хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи учун пайдо бўлган хавфни бартараф этиш, тезкор чора-тадбирларни талаб қиладиган ҳаётий вазиятлар юз берганда хотин-қизларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек жабрланувчига нисбатан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг такроран ғайриқонуний хатти-ҳаракатларига йўл қўймаслик мақсадидаги иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, ташкилий, психологик ва бошқа
тусдаги кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар тизими;
тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш — хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этишга олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга, жамиятда хотин-қизларнинг зўравонликдан холи бўлиш ҳуқуқларидан хабардорлигини оширишга қаратилган иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа чора-тадбирлар тизими;

ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
26-моддасида “Ҳеч кимнинг қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас“, деб қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ Қонунининг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Хулоса қилиб айтганда, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш бўйича сай-ҳаракатларни доимий равишда изчил амалга ошириш содир этилаётган зўравонликнинг камайишига олиб келади.

 

Сурхондарё вилоят суди судяси            У.У.Тожиев

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 7 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?