Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Янги конституциядаги инсон ва фуқаронинг асосий шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш

Асосий қонунга “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли” эканлигини белгиловчи норма киритилди.

Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принтсиплари ва нормаларига мувофиқ қуйидагилар белгиланди:

"инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади, қонунларнинг, давлат органлари, фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди;

(Ушбу энг муҳим халқаро-ҳуқуқий принтцип Конституциянинг ҳуқуқ ва эркинликлар тўғрисидаги қоидалари ижтимоий муносабатларга бевосита тартибга солувчи таъсир кўрсатишини англатади. Бунда қонунчилик ҳужжаттари ҳуқуқ ва эркинликларни аниқлаштириш, уларни самарали амалга ошириш қоидалари, механизмлари ва тартибларини белгилаш мақсадида қабул қилинганлигидан қатъий назар, ҳуқуқ ва эркинликлар бевосита амал қилади деб тан олинади.)

давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принтсипига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак;

инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

Конституцияда биринчи марта қуйидагилар мустаҳкамланди:

“ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга эканлиги ва ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас”;

“инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий аҳлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин".

Конституцияда ҳеч қандай ҳолатларда “Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас”лиги белгиланди.

Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи эканлигидан келиб чиқиб, Конституцияда “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади", деб аниқ белгиланди.

Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас", деб белгиланди.

Илк маротаба давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади ”, деган қоида белгиланди.

Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Бойсун туман судининг раиси:                                      Л.М.Усаров

  • Ҳозир сайтда
  • 21 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?