Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексидаги ҳуқуқий  нормаларнинг мазмун ва моҳияти

Ўзбекистон Руспубликасининг 30.04.2023 йилда кучга кирган Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатларини мувозанатини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳамкорликка жалб қилиш, томонларда ўз меҳнатининг натижадорлигига қизиқишини оширишда муҳим ўрин тутади.

Жумладан, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига кўра, дам олиш куни байрам кунига тўғри келса кейинги кунга кўчирилади. Масалан, якшанба – дам олиш куни 1 сентябрга тўғри келса, дам олиш куни душанбага кўчирилади. Бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмайди.

Шунингдек, эски Меҳнат кодекснинг 109-моддасида ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас деб белгиланган.

Янги таҳрирдаги Кодексимизда эса ишдан бўшатиш нафақаси тўлаш тартиби ходимнинг стажига қараб тўланиши белгиланган.

Яъни, ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва у:

3 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан;

3 йилдан 5 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан;

5 йилдан 10 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан;

10 йилдан 15 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 150 фоизидан;

15 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг 200 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.

Чалғимаслигимиз керакки, бунда ходим иш берувчидаги иш стажи назарда тутилмоқда, яъни ишдан бўшатилаётган корхонада ишлаган даври ҳисобланади.

Янги таҳрирдаги Кодексда, шунингдек, иш берувчи ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғруққача) парваришлаш (перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўриклар ва бошқа мажбурий тиббий муолажалар) учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар бериши шартлиги, ҳомиладор аёлларни антенатал (туғруққача) парваришлаш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Кодексда назарда тутилган асосий янгиликлардан яна бири йиллик асосий меҳнат таътили давомийлигининг энг кам муддати йигирма бир календар куни этиб белгиланди ва халқаро стандартга мувофиқлаштирилди. Илгари таътил 15 иш кунидан давом этарди. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида фуқароларни ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи юзага келганлиги муносабати билан иш берувчи ташаббусига кўра ишдан бўшатиш амалиёти бутунлай чиқариб ташланмоқда. Яъни, ходимнинг пенсия ёшига етганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиши тақиқланди.

Шунингдек, Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида даъво муддатлари кўпаймоқда. Жумладан, янги Кодекснинг 560-моддасига асосан ишга тиклаш тўғрисидаги даъво муддати меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси ходимга топширилган кундан эътиборан 3 ой деб белгиланмоқда. Эски Меҳнат кодексининг 270-моддасида, эса бу 1 ой қилиб белгиланган эди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида бошқа меҳнат низолари бўйича даъво муддати ходим ўзининг ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан 6 ой деб белгиланган. Эски Меҳнат кодексида эса, бошқа меҳнат низолари бўйича даъво муддати ходим ўзининг ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан 3 ой деб белгиланган.

 

  Фуқаролик ишлари бўйича

  Бойсун туман суди раиси:                         Усаров Лочин Махмудович

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 7 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?