Маълумки, бугунги кунда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг барчаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга кўмаклашиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Жумладан, Ўзбекистон Руспубликасининг 28.10.2022 йилда қабул қилиган ҳамда 30.04.2023 йилда кучга кирган Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ҳам айнан шу мақсадларга қаратилган.
Янги Меҳнат кодексида микрофирмалардаги меҳнатнинг алоҳида ҳусусиятлари ва қоидалари назарда тутилган бўлиб, бу нормалар Кодекснинг 504, 505 ва 506-моддаларида кўрсатилган.
Янги Меҳнат кодексида микрофирмалардаги меҳнатнинг алоҳида ҳусусиятлари ва қоидалари назарда тутилган бўлиб, ушбу нормалар микрофирмалар эгаларига ва раҳбарларига анчагина қулайлик беради.
Биринчидан, микрофирмалар учун баъзи бир ички ҳужжатларни тасдиқлаш мажбурий бўлмайди. Мисол учун, микрофирмалар ички меҳнат тартиби қоидалари, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом, мукофотлаш ҳақидаги низом, сменалар жадвалини ва бошқа шунга ўхшаш ҳужжатлардан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли.
Иккинчидан, микрофирмалар ишга қабул қилинаётган шахслар билан ўзаро келишув асосида муддатли меҳнат шартномалари тузишлари мумкин, гарчи бу шахс бажарадиган иш ва унинг ҳусусияти муддатли характерга эга бўлмаса ҳам.
Учинчидан, микрофирма ходимнинг меҳнат шароитларини ўзгартирмоқчи ва иш берувчининг бошқа жойга кўчиши муносабати билан жойни ўзгартирмоқчи бўлса, ходимни камида 1 ой олдин ёзма равишда хабардор қилиши лозим бўлади. Бошқа умумий ҳолатларда ва бошқа корхоналарда бу муддат камида 2 ойни ташкил қилади.
Тўртинчидан, микрофирма ходими иш берувчи бўлган микрофирмани 7 календарь кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, ўз ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли бўлади. Бошқа умумий ҳолатларда бу муддат 14 календарь кунни ташкил қилади.
Бешинчидан, меҳнат шартномасини интизомий жазо сифатида бекор қилишга асос бўладиган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузилишлар рўйҳати ходим билан тузилган меҳнат шартномасида белгилаб олиниши мумкин. Биласиз, умумий ҳолатларда булар корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидалари билан белгилаб олинади.
Олтинчидан, микрофирма рахбари ўз ходими билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексида назарда тутилган асослардан ташқари меҳнат шартномасида назарда тутилган асослар бўйича ҳам бекор қилишга ҳақли бўлади. Масалан, микрофирма ходими билан тузилган меҳнат шартномасида корхонанинг оғир молиявий аҳволга тушиб қолиши, ёки ходимнинг меҳнатига зарурат қолмаганлиги каби ҳолатларда меҳнат шартномаси тўғридан-тўғри шу асослар билан бекор қилинишига оид мураккаб бўлмаган шартлар назарда тутилиши мумкин бўлади.
Еттинчидан, микрофирма ходимини меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддатлари, шунингдек меҳнат шартномаси бекор қилинганда тўланадиган ишдан бўшатиш нафақасини ҳамда бошқа компенсация тўловларини тўлаш ҳоллари ва миқдорлари бемалол меҳнат шартномасида белгилаб олиниши мумкин. Бундай шартлар ва бу кафолатлар агар меҳнат шартномасида кўрсатилмаган бўлсагина, Меҳнат кодекси ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилган кафолатлар қўлланади.
Шунингдек, ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг иш фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно.
Аёлнинг ҳомиладорлиги даврида муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугаган тақдирда, иш берувчи аёлнинг ёзма аризасига биноан ва ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этилган тақдирда, меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатини ҳомиладорлик тугагунига қадар, унга ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилган тақдирда эса бундай таътилнинг охирига қадар узайтириши шарт. Меҳнат шартномаси ҳомиладорликнинг охирига қадар узайтирилган аёл, иш берувчининг сўровига биноан, лекин уч ойда кўпи билан бир марта ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этиши шарт. Агар бунда аёл ҳомиладорлик тугаганидан кейин ҳақиқатда ишлашни давом эттирса, иш берувчи ҳомиладорликнинг тугаганлиги фактини билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан бир ҳафта ичида меҳнат шартномасини унинг муддати тугаганлиги сабабли бекор қилишга ҳақли. Аёл билан тузилган меҳнат шартномасининг муддати тугаганлиги муносабати билан ушбу шартномани унинг ҳомиладорлиги даврида бекор қилишга, агар меҳнат шартномаси йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажариш вақтига тузилган бўлса ва ҳомиладорлик тугагунига қадар аёлни иш берувчида унинг соғлиғи ҳолати инобатга олинган ҳолда бажара оладиган бошқа ишга аёлнинг ёзма розилиги билан ўтказиш мумкин бўлмаса, йўл қўйилади.
Аёлга туғруққача етмиш календарь кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календарь кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиб, қонунчиликда белгиланган, лекин ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади. Ҳомиладорликва туғиш таътили аёлга жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилиб, туғруққача ҳақиқатда фойдаланилган кунлар сонидан қатъи назар, тўлиқ берилади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Бойсун туман суди раиси: Усаров Лочин Махмудович
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024