Фарзандлар камолоти, таълим-тарбияси ва уларни моддий жиҳатдан таъминлаш барча ота-оналарнинг зиммасидаги мажбуриятлардан бири ҳисобланади. Шу боис амалдаги қонунчиликда ҳам болаларга ғамхўрлик қилиш ота-оналар зиммасидаги асосий вазифа сифатида белгилаб қўйилган.
Хусусан, Конституциямизнинг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялаш учун мажбурлиги кўрсатилган.
Болалар соғлом ва баркамол авлод сифатида вояга етишида ота-оналар маъсул ва улар ўзларининг вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларини ижтимоий таъминлашга мажбур бўлиб, ушбу мажбуриятни ихтиёрий равишда бажармаган ота-онадан алимент суднинг ҳал қилув қарори ва суд буйруғи чиқариш орқали ундирилади.
Вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида судга боланинг ота ёки онаси, васийлик ва ҳомийлик органлари, васий ёки ҳомий шахс, болалар тарбия муассасасалари маъмурияти ҳамда прокурор, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида мурожаат қилиши мумкин.
Ота-она ва бола алоҳида-алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилиши мумкин.
Бундай мурожаатлар суд буйруғи бериш тўғрисида ариза кўринишида ёки даъво ишларини юритиш тартибида берилади. Ҳатто ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ҳам ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди, агарда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинишида болага алимент ундириш масаласи ҳал қилинмаган бўлса, алимент ундириш юзасидан ваколатли шахс даъво ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Амалдаги қонунчилик бўйича алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза ёки даъво ариза болаларнинг қонун билан қўриқланган манфаатлари устунлигини ҳисобга олиб, жавобгар яшайдиган жой бўйича ҳам ёки аризачи ёки даъвогар яшаб турган жой бўйича ҳам берилиши мумкин.
Фуқаролик ишлари бўйича
Бойсун туман судининг раиси
Л.М.Усаров
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024