Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
МЕРОС ҲУҚУҚИ – У ҚОНУН БИЛАН КАФОЛАТЛАНАДИ

Фуқаролик ишлари бўйича туман судларида охирги йилларда мерос билан боғлиқ низолар кўпайиши кузатилмоқда. Мерос билан боғлиқ низоларнинг асосий  ёмон тарафи бу яқин қариндошларнинг мол-мулкларни талашишидир. Кўп ҳолатларда бир ота-онадан туғилган ака-ука, опа-сингиллар мулк талашишлари оқибатида “юз кўрмас” бўлиб, очиқдан-очиқ душманга айланишади. Айрим ҳолларда мерос билан боғлиқ низолар йиллар давомида давом этиши оқибатида меросхўрлар қимматли вақт ва соғлиқларини йўқотишганини кеч англаб етишади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 36-моддасида, мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши қайд этилган. Ҳақиқатдан ҳам қонунчилигимизда мерос ҳуқуқини вужудга келтирувчи турли мулк шакллари ва мулкдорлар манфаати ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Мулкдор мулкига ўз ҳохишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.

Қонунчиликка мувофиқ, мерос ҳуқуқи – мулкка нисбатан ворисликдир, ворисликнинг эса васият ва қонун бўйича амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1112-моддасида кўрсатиб ўтилган.

Мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексида ворислик ҳақида алохида бўлим ажратилган бўлиб, унда мерос таркибининг барча жихатлари қамраб олинган ва меросга эгалик қилишга оид барча зарур меъёрлар мавжуд.

Шу ўринда мустақиллик йилларида мерос тушунчаси кенгайганини айтиб ўтиш жоиз. Айниқса ҳаётимизга хусусийлаштиришнинг кириб келиши бунга кенг йўл очиб берди. Авваллари уй-жой фондининг асосий қисми давлатга тегишли бўлган. Ҳозирда бунга дейярли бархам берилган бўлиб, уй-жойлар фуқароларнинг хусусий мулки ҳисобланади ҳамда вақти келиб фарзандларига мерос сифатида ўтади. Қонунларда яхши хабардор фуқаролар ўзларидан кейин фарзандлари орасида турли низо ёки келишмовчиликлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида васият қолдиришга ҳаракат қилишади. Бу эса юзага келиши мумкин бўлган айрим муаммоларга ўз вақтида барҳам беради. Васият фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқни вафот этган тақдирида тасарруф этиш хусусидаги ҳохиш-иродаси ҳисобланади. Васиятнома фақат шахсан тузилади, яъни унинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Васиятнома фақат давлат нотариуслари томонидан тасдиқланган тақдирдагина юридик кучга эга бўлади.

Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилинганидан кейин очилади.

Мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.

Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин ҳам берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 1135-моддасига асосан Мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.

Агарда васиятнома мавжуд бўлса, мерос шу васиятномага асосан тақсимланади. Аммо мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шунингдек, эри (хотини) ва ота – онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъий назар, мажбурий улуш олувчи меросхўрлар ҳисобланади.Меросга мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг мажбурий улушидан ортиқча қисмига нисбатангина ҳақиқийдир.

Амалиётда мерос билан боғлиқ низолар, айниқса уй-жой билан боғлиқлари кўплаб учрайди. Таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, кўпчилик фуқароларнинг ўз мулкига нисбатан эгалик ҳуқуқини хатто расмийлаштирмаганлигини, яъни ер олиб уй қурган аммо уни ҳужжатлаштирмаганлигини кузатиш мумкин. Мободо бундай иморатлар белгиланган тартибга зид равишда қурилган бўлса, хусусий мулк мақомини ололмайди. Бундай ҳолатда эса, уни мерос сифатида қолдириб бўлмайди.

Айрим фуқароларнинг сохага оид қонунчиликдан яхши ҳабардор эмаслиги баъзан муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, ота вафот этиб, ундан уй-жой мерос қолади. Орадан йиллар вақт ўтса ҳам фарзандлар бир – биридан андиша қилиб, меросга оид ҳуқуқий ишларни амалга оширмайди. Вақти келиб, уй-жойга оид ҳужжатларни ака-укалардан бирортаси номига ўтказишмоқчи бўлади. Аммо меросга нисбатан бир неча кишининг, акаларнинг ҳам ҳуқуқи бор. Чунки улар мерос улушига бўлган ҳуқуқдан воз кечмаган.

Қонунчиликка мувофиқ, меросхўр ўзининг ворисликка чақирилганлигини билган ёки билиш лозим бўлган кундан бошлаб ҳохлаган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли. Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1147-моддасига биноан меросхўр меросдан воз кечган бўлса, унга қайта даъвогарлик қилолмайди.

Шу туфайли, фуқаролар муҳим ҳаётий масала ҳисобланган мулк, мерос ҳуқуқларига бефарқ қарамай, бу борадаги қонун қоидалардан яхши ҳабардор бўлсалар ва уларга амал қилсалар келгусида ушбу масалада муаммога учрамайдилар.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун

туман суди раиси                                                                  Л.М.Усаров 

1 изоҳ

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 5 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?