Мамалакатимизда охирги йиллар давомида қонунчиликда бир қатор ўзгаришлар амалга оширилиб, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни тугатиш бўйича салмоқли ютуқларга ҳам эришилди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституциямизнинг 44-моддасида Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланди.
Конституция даражасида болалар меҳнатидан фойдаланишни чеклар эканмиз, аввало "болалар меҳнати" тушунчасига аниқлик киритишимиз лозим.
Халқаро меҳнат ташкилоти берган таърифга кўра, болалар меҳнати деганда ақлий, жисмоний, ижтимоий ёки ахлоқий жиҳатдан болалар учун хавф туғдирадиган ёки болаларга зарар етказадиган, уларни мактабда ўқиш имкониятидан маҳрум қиладиган иш ва фаолият турлари тушунилади.
Шу билан бирга болаларнинг қуллиги, уларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирадиган шароитларда ишлатиш ва катта шаҳарлар кўчаларида ёшлигидан мустақил ҳаёт кечиришга мажбур қилдириш ҳам болалар меҳнатининг оғир шакллари ҳисобланади. Болалар ва ўсмирларнинг соғлиғи ва ривожланишига таъсир қилмайдиган, шунингдек таълим олишига халақит бермайдиган ишларни бажариши бола меҳнати сифатида баҳоланмайди. Ушбу турдаги ишларга боланинг ота-онасига уй-рўзғор юмушларида ёки оилавий бизнесда ёрдам бериши, мактабдан кейин ёки мактаб таътилида касб-ҳунар ўрганиши киради. Буларнинг барчаси боланинг ривожланишига ҳисса қўшади, болага жамиятнинг тўлақонли а'зоси бўлиш учун келажакда зарур бўладиган кўникма ва тажриба орттиришга ёрдам беради.
Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш асосан қишлоқ хўжалиги соҳасида, пахта йиғим-терим ишларига мактаб болалари жалб қилиниши учраб турар эди.
Бугунги кунда қонунчилигимизда амалга оширилган ислоҳотлар натижасига кўра ушбу ҳолатларга чек қўйилди.
Болаларнинг барвақт меҳнат қилишини олдини олиш, уларнинг таълим олишига, келгусида жамиятимизга жисмонан ва интеллектуал жиҳатдан етук кадрлар етишиб чиқишига имконият яратади.
Зеро, жамиятимизнинг ҳар жабҳасида болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига тоқатсизлик кайфиятини шакллантиришимиз ва болаларимиздан болаликни маҳрум қилмаслигимиз келажак учун қўйилаётган пойдевор эканлигини унутмаслигимиз лозим.
ЖИБ Бойсун туман суди раиси
А.Рахматов.
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024