Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Фирибгарлик нима ўзи?

Фирибгарлик жинояти иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар жумласига кириб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддасида мазкур жиноятга таъриф берилган.

Фирибгарлик-алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли орқали ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкка бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш демакдир.

Алдаш-бу айбдор томонидан жабрланувчининг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлардан фойдаланиш ёки мулк эгаси билиши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш тушунилади.

Ишончни суиистеъмол қилиш-айбдорнинг мулк эгаси билан ўртасидаги ишончли муносабатларда ғаразли мақсадларда фойдаланишдир. Ишончга турли ҳолатлар масалан айбдор шахсининг хизмат мавқеи ёки унинг шахсий ёки қариндошлик муносабатлари сабаб бўлиши мумкин.

Сўнгги йилларда фирибгарлик жиноятнинг умумий жиноятчиликдаги салмоғи ортиб бораётганлиги сабабли 2016 йил 26 декабрь кунидаги Қонун билан Жиноят Кодексининг 168-моддасидаги жиноий жавобгарлик оғирлаштирилди.

Унга кўра мазкур турдаги жиноят содир қилган шахсларга нисбатан агарда жиноят натижасида етказилган моддий зарарлар жабрланувчиларга тўлиқ қоплаб берилмаса, 3 йилдан 15 йилга қадар озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши белгилаб қўйилди.

Лекин, шунга қарамасдан аксарият ҳоларда айнан жабрланувчиларнинг соддалиги, ишонувчанлиги ва бепарволиги натижасида мазкур жиноятлар ҳали ҳам кўплаб содир этиб келинмоқда.

Фирибгарликнинг бошқа мулкий жиноятлардан фарқи – фирибгарликда жабрланганлар фирибгарга мол-мулкини, мол-мулкка бўлган ҳуқуқини ўз хоҳиши билан топширади.Фуқаролар пулларини ўз қўллари билан олиб келиб беради. Жабрланганларнинг аксарияти енгил бойиб кетиш, қонуний йўллар орқали эришиши мумкин бўлгани мақсадларига осонлик билан етишишлари тўғрисидаги фикр улар мулкларини осон ва ўйламаган ҳолда фирибгар тасарруфига ўтказишларига ва натижада улар ўзлари эмас, айнан фирибгарлар осон йўллар билан даромад орттиришларига йўл очиб берадилар. Шунингдек, фирибгарларда актёрлик қобилияти ҳам бўлади. Шу сабабли “Фирибгарлик” жиноятлари ақлли жиноятлар турига ҳам кириб улгурган.

Жумладан, ушбу тоифадаги жиноятни содир этиб жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этиган бўлса-да, Э.С ўзига тегишли ҳулоса чиқармасдан, 2023 йил октябрь ойида МЧЖ иш бошқарувчиси А.Хга МЧЖ томонидан Бойсун туманида қурилаётган йўл қурилиш ишларидан 1 км. (49-50 км. учун) 75 млрд. сўмлик йўл қурилиш ишларини биргаликда шерикчилик асосида олиб, келгусида катта даромат кўришни, бироқ жамият чет элга тегишли бўлганлиги боис уларнинг ишончига кириш учун жамият ҳисоб рақамига қонуний тўлов сифатида олдиндан АҚШ доллари ҳисобида пул ўтказмасини амалга ошириши ва келгусида ушбу пул маблағлари иш бошлангач жамият томонидан қайтариб берилишини, шунингдек ўзининг ҳам ҳозирда пули йўқлигини, шерикчиликда иш қилиш учун унга ҳам пул қўшиб туришини айтиб, 60.000 АҚШ доллари беришни сўраб, уни ишонтириш мақсадида иккала МЧЖ ўртасида ҳақиқий ҳолатга тўғри келмайдиган 75.370.941.426 сўмлик иш бажариш бўйича расмий ҳужжат ҳисобланган 31.10.2023 йилдаги 21-сонли шартномани сохталаштириб, унга ушбу шартномани тақдим этиш орқали ишончига кириб, А.Хдан дастлаб 15.000  АҚШ долларини Бойсун тумани “Бибиширин” маҳалласи ҳудудида, 25.000 АҚШ долларини Юнусобод тумани ҳудудида жами 40.000 АҚШ доллари (1 АҚШ доллари 31.10.2023 йил ҳолатига 12.219,23 сўмдан ҳисобланганда 488.769.200 сўм) жуда кўп миқдордаги маблағларини фирибгарлик йўли билан олиб, хавфли рецидив жиноятларни содир этган.

Судланувчига нисбатдан жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди томонидан 2024 йилнинг август ойида суд ҳукми ўқилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 4-қисмининг “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил 6 (олти) ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, Ўзбекистон Республикаси ЖК 228-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан 3 (уч) йил муддатга озодликни чеклаш жазоситайинланган бўлиб, судланувчига нисбатан тайинланган жазоларни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59,61-моддаларига асосан қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 (уч) йил 4 (тўрт) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Судланувчи Э.С жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниб, жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этганлиги сабабли жазони шартлилиги бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 62-моддасига асосан судланувчи Э.С 2024 йил 13 март кунидан 2024 йил 7 август кунига қадар қамоқда ўтирган ҳар бир кунини озодликни чеклаш жазосининг бир кунига тенглаштириб ҳисоблаб, тайинланган жазодан чегириб ташлаб, ўташ учун узил-кесил 3 (уч) йил 4 (тўрт) кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Шу ўринда фирибгарлик жинояти қурбони бўлмаслигингиз учун ўзга шахсларнинг турли ёлғон ваъда ва кафолатларига ишониб қолмаслик, ўз пул маблағларингиз ва мулкларингизни бошқа шахсларга топширишда ҳар тарафлама, чуқур хулоса қилган ҳолда иш кўришингизни, мазкур жиноятдан ҳимояланиш биринчи навбатда ўзингизга боғлиқ эканлигини унутманг!

 

 

         Жиноят ишлари бўйича

         Бойсун туман судининг раиси                                                       А.Рахматов

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 4 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?