Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Аҳолини рўйхатга олиш нима учун керак?

Аҳолини рўйхатга олиш аҳоли сони, жинси ва ёш таркиби, яшаш шароити ва миграциясининг тўлиқ тасвирини шакллантиради. БМТ аҳолини камида 10 йилда бир марта рўйхатга олишни тавсия қилади ва аҳолини рўйхатга олиш миллий сиёсатни ишлаб чиқиш ва режалаштириш, шунингдек, мамлакат ривожланишини кузатиш учун асосий ахборотларни тақдим этишини таъкидлайди.

Аҳолини рўйхатга олиш ҳақиқатда яшаётган аҳоли тўғрисида нафақат бутун мамлакат бўйлаб, балки минтақалар кесимида ҳам маълумот беради. Аҳоли тўғрисидаги маълумотлар турли маъмурий манбаларда ва давлат идораларининг маълумотлар базаларида мавжуд, бироқ уларнинг барчасида ахборот тўлиқ эмас. Бу тўлиқ тасвирни шакллантириш имконини бермайди.

Масалан, фуқароликни расмийлаштириш ва миграция бўлимларида фуқароларнинг рўйхатга олинган (прописка) жойи тўғрисида маълумотлар бор, аслида эса бу одамлар бошқа манзилда ёки ҳатто бошқа вилоят ёки мамлакатда яшаши мумкин. Сайловчилар рўйхатларида ҳам аҳоли тўғрисида тўлиқ маълумот йўқ — уларда овоз беришда иштирок эта олмайдиган фуқаролар ҳисобга олинмаган.

Мамлакатлар сўровноманинг якуний версиясига киритиладиган саволлар рўйхатини мустақил равишда белгилайди. Қоида тариқасида ҳар бир давлат органи ўзини қизиқтирган масалаларни сўровномага имкон қадар кўпроқ киритишни хоҳлайди. Бироқ, саволнома қанчалик катта бўлса, аҳолини рўйхатга олиш шунчалик қимматга тушади, чунки аҳолини рўйхатга олувчилар ҳар бир хонадон учун кўпроқ вақт сарфлашига тўғри келади. Шу сабабли, 2019 йилда UNFPA давра суҳбати экспертлари энг муҳим масалаларни аниқлаб олишни тавсия қилди. Мутахассисларнинг қайд этишича, намунавий тадқиқотлар доирасида аҳоли таркибини батафсилроқ ўрганиш мумкин.

Статистика агентлигининг веб-сайтига синов тариқасида рўйхатга олиш учун намунавий шакл (форма)лар жойлаштирилган. Уларда доимий ва вақтинчалик яшаш жойи, таълим даражаси ва илмий даражага эга ёки эга эмаслик, спорт машғулотлари, тахминий даромад даражаси, миграция, бандлик ва бошқа саволлар мавжуд.

Аҳолини рўйхатга олиш тадбиркорлик ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Аҳоли сони ва даромади, унинг турар-жойга бўлган эҳтиёжи тўғрисидаги маълумотларга эга бўлган ҳолда, масалан, маиший техника ишлаб чиқарадиган корхоналар ишлаб чиқариш ҳажмини прогноз қилишлари мумкин, уларни импорт қилувчи компаниялар эса харидларни режалаштиришлари ва зарарни минималлаштиришлари мумкин.

Аҳолини рўйхатга олиш макроиқтисодий кўрсаткичларни келгуси 10−20 йиллик даврга прогноз қилиш учун ҳам зарур. Статистик маълумотлар манзилли дастурларни ишлаб чиқиш, фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш, оилаларга моддий кўмаклашишда муҳим аҳамиятга эга.

Аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари давлат мактаблари, кутубхоналар, соғлиқни сақлаш марказлари, шунингдек, энергия ресурслари ва сув таъминотига бўлган эҳтиёжни кўрсатиб беради. Аҳолини рўйхатга олиш натижалари ҳукумат томонидан маҳаллий ҳокимият органларига ажратилиши зарур бўлган маблағ миқдорини аниқлашга ёрдам беради.

 

Бойсун туман статистика

бўлими бошлиғи                                                               А.Саидов

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 8 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?