Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2025−2026 йилларда ўтказилиши режалаштирилмоқда. У 2022 йилга режа қилинганди, аммо пандемия туфайли кейинга қолдирилган. Натижалар 2027 йилда эълон қилинади. Статистика агентлиги қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам рўйхатга олиш ишларига тайёргарлик кўради.
Президент ҳузуридаги Статистика агентлигига 2025−2026 йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишларини ташкил этиш вазифаси юклатилди. Бу давлат раҳбарининг 5 мартдаги қарори билан тасдиқланган расмий статистика соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича «йўл харитаси»да назарда тутилган.
2024 йил давомида агентлик аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга тайёргарлик кўриш ишларини давом эттиради. Жумладан, агентликка аҳолини рўйхатга олишни аҳолининг кенг оммасига тушунтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларида фойдаланиш учун видеоролик, баннер, флаер ва буклетлар тайёрлаш, 2021 йилда ўтказилган синов натижалари ва халқаро экспертларнинг тавсиялари асосида аҳолини рўйхатга олиш саволномалари шаклларини такомиллаштириш вазифалари юклатилди.
Шунингдек, агентлик халқаро тажриба ва экспертларнинг тавсиялари асосида «Аҳолини рўйхатга олиш» ахборот тизимини такомиллаштириши ва рўйхатга олиш натижалари чиқувчи жадваллар намуналарини шакллантириши, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий режасини ишлаб чиқиши керак.
Аҳолини рўйхатга олиш эса 2025−2026 йилларда ўтказилиши, натижалари эса 2026−2027 йилларда тайёрланиши ва эълон қилиниши режалаштирилмоқда.
Маълумот учун Бойсун туманида 2024 йил 1 июль ҳолатида доимий яшовчи аҳоли сони 125617 нафарни, шу жумладан эркаклар 64387 нафарни, аёллар эса 61230 нафарни ташкил қилади.
Бойсун туман статистика
бўлими бошлиғи А.Саидов
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024