Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Фирибгарлик нима ўзи?

           Фирибгарлик жинояти иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар жумласига кириб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддасида мазкур жиноятга таъриф берилган.

           Фирибгарлик-алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли орқали ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкка бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш демакдир.

            Алдаш-бу айбдор томонидан жабрланувчининг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлардан фойдаланиш ёки мулк эгаси билиши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш тушунилади.

            Ишончни суиистеъмол қилиш-айбдорнинг мулк эгаси билан ўртасидаги ишончли муносабатларда ғаразли мақсадларда фойдаланишдир. Ишончга турли ҳолатлар масалан айбдор шахсининг хизмат мавқеи ёки унинг шахсий ёки қариндошлик муносабатлари сабаб бўлиши мумкин.

           Сўнгги йилларда фирибгарлик жиноятнинг умумий жиноятчиликдаги салмоғи оритиб бораётганлиги сабабли 2016 йил 26 декабр кунидаги Қонун билан Жиноят Кодексининг 168-моддасидаги жиноий жавобгарлик оғирлаштирилди.

           Унга кўра мазкур турдаги жиноят содир қилган шахсларга нисбатан агарда жиноят натижасида етказилган моддий зарарлар жабрланувчиларга тўлиқ қоплаб берилмаса, 3 йилдан 15 йилга қадар озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши белгилаб қўйилди.

           Лекин, шунга қарамасдан аксарият ҳоларда айнан жабрланувчиларнинг соддалиги, ишонувчанлиги ва бепарволиги натижасида мазкур жиноятлар ҳали ҳам кўплаб содир этиб келинмоқда.

Фирибгарликнинг бошқа мулкий жиноятлардан фарқи – фирибгарликда жабрланганлар фирибгарга мол-мулкини, мол-мулкка бўлган ҳуқуқини ўз хоҳиши билан топширади.Фуқаролар пулларини ўз қўллари билан олиб келиб беради. Жабрланганларнинг аксарияти енгил бойиб кетиш, қонуний йўллар орқали эришиши мумкин бўлгани мақсадларига осонлик билан етишишлари тўғрисидаги фикр улар мулкларини осон ва ўйламаган ҳолда фирибгар тасарруфига ўтказишларига ва натижада улар ўзлари эмас, айнан фирибгарлар осон йўллар билан даромад орттиришларига йўл очиб берадилар. Шунингдек, фирибгарларда актёрлик қобилияти ҳам бўлади. Шу сабабли “Фирибгарлик” жиноятлари ақлли жиноятлар турига ҳам кириб улгурган.

  Жумладан, муқаддам ушбу  тоифадаги жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб жазо ўтаган бўлсада, ўзига тегишли хулоса чиқармаган, Ш.К (исм фамилялар ўзгартирилган), 2023 йил 23 сентябр куни Е.Рнинг яшаш уйига бориб, унинг 7 бош қўчқорини жами 15.500.000 сўмга сотиб олиб, пулларини бир ой ичида беришини айтиб алдаб, унинг ишончини суиистеъмол қилиб, олган қўйларини сотиб юбориб, пулларини келишилган муддатда бермасдан, фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритган.

 Шунингдек, Ш.К фирибгарлик жиноятини такроран давом эттириб, 2023 йил сентябр ойида Х.Снинг яшаш уйига бориб, унинг 14 бош қўчқорини жами 44.600.000 сўмга сотиб олиб, пулларини 10-20 кунларда беришини айтиб алдаб, унинг ишончини суиистеъмол қилиб, олган қўйларини сотиб юбориб, пулларини келишилган муддатда бермасдан, фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритган.

Бундан ташқари, Ш.К фирибгарлик жиноятини такроран давом эттириб, 2023 йил сентябр ойида Н.Знинг яшаш уйига бориб, унинг 6 бош қўчқори ва 2 бош эчкиларини жами 19.000.000 сўмга сотиб олиб, пулини 3 кун ичида беришини айтиб алдаб, 13.700.000 сўмини бериб, қолган 5.300.000 сўмини бермасдан, унинг ишончини суиистеъмол қилиб, фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритган.

Шу жумладан, Ш.К фирибгарлик жиноятини такроран давом эттириб, 2023 йил октябр ойида Т.Жнинг яшаш уйига бориб, унинг 2 бош қорамолини жами 27.500.000 сўмга сотиб олиб, пулини 2 кун ичида беришини айтиб алдаб, бир ҳафтадан сўнг 4.000.000 сўмини бериб, қолган 23.500.000 сўмини бермасдан, унинг ишончини суиистеъмол қилиб, фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритган.

          Бундан ташқари, Ш.К фирибгарлик жиноятини такроран давом эттириб, 2023 йил октябр ойида Т.Ёнинг яшаш уйига бориб, унинг 6 бош қўчқорини жами 16.800.000 сўмга сотиб олиб, пулларини бир ҳафта ичида беришини айтиб алдаб, унинг ишончини суиистеъмол қилиб, олган қўйларини сотиб юбориб, пулларини келишилган муддатда бермасдан, фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритган.

          Судланувчига нисбатдан жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди томонидан  2024 йилнинг март ойида суд ҳукми ўқилиб, унга Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан ЖКнинг
57-моддасини қўллаб, 6 (олти) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жабрланувчиларга етказилган зарарлар судланувчидан ундирилиши белгиланди.

           Шу ўринда фирибгарлик жинояти қурбони бўлмаслигингиз учун ўзга шахсларнинг турли ёлғон ваъда ва кафолатларига ишониб қолмаслик, ўз пул маблағларингиз ва мулкларингизни бошқа шахсларга топширишда ҳар тарафлама, чуқур хулоса қилган ҳолда иш кўришингизни, мазкур жиноятдан ҳимояланиш биринчи навбатда ўзингизга боғлиқ эканлигини унутманг!

 

Жиноят ишлари бўйича

Бойсун туман судининг раиси                                                                  А.Рахматов

 

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 7 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?