Бойсун тумани Инкобод маҳалласида жойлашган “Омонхона” қишлоғи Сурхондарё вилояти Бойсун туманининг тоғли ҳудудида жойлашган бўлиб, вилоят марказидан 158 км, туман марказидан эса 16 км узоқликда жойлашган. Унинг атрофи бир-бири билан елка тирашган тоғ, қир-адирликлар билан ўралган. Табиати сўлим, тоғдан эсиб турадиган шабада киши қалбига ором бахш этади.
“Омонхона” қишлоғига Оллоҳнинг назари тушган маскан десак муболаға бўлмайди. Чунки, у ердаги кекса кишиларнинг нақл қилишларича, шифобахш булоқ сувини доимий равишда истеъмол қилиш натижасида қишлоқдаги ўтроқ аҳоли ҳозиргача ўткир юқумли касалликларга чалинмаган ва қишлоқ аҳолиси сариқ ёки ошқозон ичак касаллиги билан ҳам хасталанмасдан ҳаёт кечириб келишмоқда. Қолаверса, сариқ касаллигига чалинган, ёхуд жигар серрози ҳаётига чанг солган кишилар “Омонхона” шифобахш булоқ сувидан нажот излаб, ҳатто вилоятнинг узоқ манзиллардан йўл юриб, ушбу қадимий, айни пайтда яшариб, яшнаб бораётган кўркам қишлоқ томон ошиқишади.
Санаторийда асосан булоқнинг маʼданли сувли муолажалари амалга оширилади. Шунингдек, ушбу санаторийда қўшимча равишда массаж, диагностика, УЗИ, электротерапия, фитотерапия сингари ўнлаб даволаш хизматлари ҳам йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, қишлоқда Камари Азиз ҳамда Ҳазрати Султон Балогардон зиёратгоҳларининг мавжудлиги ҳам ушбу ҳудуднинг зиёрат туризми йўналишидаги салоҳиятини оширмоқда.
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024