Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ
Эълонлар / 2022-05-16

Жаҳон тажрибасида мамлакат аҳолисининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби, оилавий аҳволи, касби, бандлиги, даромад манбаи ва бошқа жиҳатлар бўйича батафсил маълумот тўплашнинг энг самарали усули аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ҳисобланади. Шу боис, 2023 йилда мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига ҳозирдан жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг 2015 йилдаги резолюциясига асосан аъзо давлатларга ҳар ўн йилда камида бир марта аҳолини рўйхатга олиш амалиётини ўтказишни тавсия этади.

Аҳолини рўйхатга олиш давлат даражасидаги кенг кўламли, кўп вақт ва маблағ талаб этадиган тадбирни ўтказиш учун халқаро талабларга мувофиқ 2-3 йил давомида тайёргарлик ишларини олиб бориш талаб этилади. Ушбу амалиёт мустақиллик йилларида Республикамизда илк бор ўтказилаётганини инобатга олиб, уни ташкил этишга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 2020 йил 11 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1—25 ноябрь кунлари амалга оширилади.

Мазкур йирик ижтимоий тадбир орқали, биринчи навбатда, жами аҳолининг  сони (2022 йил 1 апрел ҳолатига Бойсун туман ахолиси 120,2 минг кишини ташкил этади), фуқаролиги, никоҳ ҳолати яъни расмий никоҳ, норасмий никоҳ ёки эрта никоҳ, одамларимизнинг таълим даражаси, яшаш учун даромад манбалари, уйсизлар сони, уй хўжалинининг яшаш шароитлари каби бир қанча маълумотлар базаси шакллантирилади.

Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш натижалари нима беради?

Аҳолини рўйхатга олиш – Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг муайян ҳудудларида ўтказиладиган, белгиланган санада аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифларини белгиловчи, шахсга доир маълумотларни йиғиш ва уларга ишлов бериш ҳамда якуний маълумотларни тарқатиш ва фойдаланишнинг даврий жараёни ҳисобланади.

Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий мақсади мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнозларини ишлаб чиқиш, демографик кўрсаткичларни ҳисоблаш ва прогнозлаш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланишни ўрганиш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш учун аҳоли тўғрисида ишончли ва холис ахборотларни олиш ҳисобланади.

Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

- аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болалар учун шарт-шароитларни яхшилаш, оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш мақсадида, аҳоли таркибидаги, демографик вазиятдаги ўзгаришларни баҳолашга доир маълумотлар базасини кенгайтириш;

- шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, меҳнат ресурсларини жойлаштириш ҳамда улардан фойдаланишнинг узоқ, ўрта ва қисқа муддатли прогнозлари ва дастурларини тайёрлаш;

- аҳолини рўйхатга олиш даври оралиғидаги аҳоли сони
ва таркибининг жорий ҳисобини, ҳисоб-китобларини ҳамда прогнозларини амалга ошириш;

- ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни амалга ошириш.

Бойсун туман статистика бўлими бошлиғи                                                               А.Саидов

Тел: +998975330408

Изоҳ қолдириш

  • Ҳозир сайтда
  • 1 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?