Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Бойсун тумани ҳокимлиги
Ҳурматли тадбиркорлар!
Эълонлар / 2022-04-30

 Тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эркин фаолият юритишларини таъминлаш ва тадбиркорлик ривожи йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш иқтисодий барқарорликка эришишнинг муҳим омилларидан биридир.

Шу боис бугун мамлакатимизда тараққиёт локомативи, юрт таянчи бўлган сиз тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва фаолиятларингизни ривожлантириш учун барча имконият ва шароитларни яратиш устувор вазифалардан бири саналади.

Айни мақсадда бир қатор солиқ имтиёзлари ҳам тақдим этилган бўлиб, бу юртимиз ишбилармонларига фаолиятларини ривожлантириш ва янада кенгайтириш имконини бермоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2022-йил 11-мартдаги "Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-758-сонли қонуни билан Солиқ кодексига бир қанча ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Солиқ кодексининг 483-моддаси ўн иккинчи-ўн бешинчи қисмлар билан тўлдирилиб, унга кўра: 

Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Қизириқ, Музработ, Шеробод туманларида, тоғли ҳудудларида ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларида давлат рўйхатидан ўтиб, янгидан ташкил этилган ва ушбу туманларда (ҳудудларда) ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субектлари (бундан кластер мустасно) юридик шахслардан олинадиган ер солиғини, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, айланмадан олинадиган солиқни, якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммасини тўлашдан 2024-йил 1-январга қадар бўлган даврда озод қилинади (Ушбу қисмнинг қоидалари 2021-йил 1-июлдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.);

Сурхондарё вилоятининг тоғли ҳудудларида ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларида давлат рўйхатидан ўтиб, янгидан ташкил этилган ва ушбу ҳудудларда ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субектлари (бундан кластерлар мустасно) 2021-йил 10-сентябрдан 2024-йил 1-январга қадар бўлган даврда фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди.

Ушбу модданинг ўн иккинчи ва ўн учинчи қисмларида кўрсатилган тоғли ҳудудларнинг ҳамда ер майдонлари шўрланган ҳудудларнинг рўйхати халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.01.2022 йилдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-104-сон Қарорига асосан 2022-йил 1-апрелдан 2025-йил 1-январга қадар чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари, автотранспортда йўловчи ва юк ташиш, транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, компютер хизматлари, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматларини кўрсатувчи ҳамда кўнгилочар масканларда хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субектлари учун ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз этиб белгиланди. Шунингдек ушбу қарор билан туманимиз туризмга ихтисослашган туман этиб белгиланиб, 2022-йил 1-апрелдан бошлаб 2025-йил 1-январга қадар туризм ҳудудларида рўйхатдан ўтган ҳамда ушбу ҳудудда умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун айланмадан олинадиган солиқ ставкасини — 1 фоиз этиб белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, бу каби солиқ имтиёзлари тадбиркорларга маблағларини тежаш ва тежалган маблағни фаолиятлари ривожига сарфлаш имконини беради.

“Солиқчи-тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида Сурхондарё вилояти Бойсун туман давлат солиқ инспексияси ходимлари томонидан жорий йилнинг апрел ойи давомида кўплаб ишлар амалга оширилди:

 -  95 та тадбиркорлик субъектининг 111 дан ортиқ муаммолари ўрганилиб, уларнинг 77 таси бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди;

- Солиқ ходимлари томонидан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 26 та корхонадаги 71 нафар норасмий ишловчи фуқароларнинг фаолияти қонунийлаштирилди;

- 12 та корхоналарга ер солиғи, 15 та корхонага мол-мулк солиғи, 2 та корхонага ижтимоий солиқ, 18 та корхонага айланмадан олинадиган солиқдан имтиёзлар қўлланилди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари иштирокида 3 маротаба учрашувлар ўтказилиб, солиқ қонунчилигидаги янгиликлар ҳамда ҳисоботларни тўлдириш ва топшириш тартиблари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

 

Сурхондарё вилоят Бойсун туман давлат солиқ инспексияси бошлиғи Баҳриддин Акрамов  

  • Ҳозир сайтда
  • 17 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Сўров ўтказиш
  • Сайт ҳақида фирингиз?