Мустақиллик йилларидаги илк демографик рўйхатлаш 2026-йил 15-июлидан 21-августигача ўтказилиши мумкин. Фармон лойиҳасига кўра, бунинг учун бош вазир раислигида республика комиссияси тузилади. Рўйхатга олиш ишлари учун планшетлар ва дастурий маҳсулотлар Жаҳон банкининг имтиёзли кредитлари ҳисобидан сотиб олинади. Респондентлардан олинган маълумотлар сир сақланади.
Статистика агентлиги “Ўзбекистон Республикасида 2026-йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисида”ги президент фармони лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Лойиҳа билан, аҳолини рўйхатга олишни 2026-йилнинг 15-июлидан 21-августигача ўтказиш таклиф этилмоқда.
Бунинг учун бош вазир раислигида республика комиссияси, шунингдек, ҳудудий раҳбарлар раислигида ҳудудий комиссиялар ташкил этилади.
Аҳолини рўйхатга олиш планшет қурилмалари ёрдамида ўтказилади. Бунинг учун зарур техник ва дастурий воситалар 2024-2026 йилларда Жаҳон банкининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан харид қилинади.
Аҳолини рўйхатга олишда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун ва шу соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этилиши, респондентлардан олинган маълумотларнинг сир сақланиши таъминланади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Маҳаллалар уюшмаси ва Кадастр агентлиги 2025-йил 1-июлгача аҳоли пунктлари ва кўчалар ном белгиларини ўрнатиш, хонадон ва уйларни тўлиқ рақамлаш ишларини якунига етказиши керак.
Олий Мажлис палаталарига 2025-йил 1-сентябрдан 2026-йил 1-сентябрга қадар республика бўйлаб маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегараларини ўзгартириш, топономик обектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш ишларини вақтинча тўхтатиб туриш тавсия этилиши мумкин.
Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, ўтказиш ва натижаларини эълон қилиш бўйича чора-тадбирларни Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди.
Бойсун туман статистика бўлими бошлиғи А.Саидов
© Бойсун тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025