ИҚЛИМ МАЪЛУМОТИ
BAYSUN Baysun.uz
МУРОЖААТ ҚИЛИНГ
ОВОЗ БEРИНГ

Сайтга нима учун ташриф буюрасиз?

Аввал хабар қилганимиздек, бугун Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу байрам илк бор давлат раҳбари иштирокида ўтди. Бу – таълим ва тарбия масаласи алоҳида устувор йўналиш даражасига кўтарилганининг яққол далили.

Президентимизнинг бу йилги табриги аввалгиларидан фарқ қилиб, мурожаат тарзида бўлди. Мурожаатини сурхондарёлик соҳа фидойилари, вилоятнинг барча ҳудудларидан таклиф этилган илғор ўқитувчи ва мураббийлар, ижодий-маърифий танловларда муваффақиятли иштирок этган педагоглар, фахрий устозлар Термиз шаҳридаги муҳташам Санъат саройида онлайн тинглади.

Мурожаатда давлатимиз раҳбари мамлакатимиз таълим соҳасида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмуни ва аҳамияти, таълим ва илм-фанни ривожлантириш йўлидаги долзарб вазифалар ҳақида сўз юритди.

Мамлакатимиз таълим соҳасида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан Сурондарё вилоятида янгидан бунёд этилаётган, реконструкция қилиниб, мукаммал таъмирланаётган таълим муассасалари ва уларда яратилаётган кенг шарт-шароитлар, мактабгача таълим муассасалари тармоғининг кенгайтирилиши, янги олий таълим муассасаси ва филиалларнинг ташкил этилиши келажагимиз пойдеворининг янада мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

Ўтган уч йил давомида вилоятимизда мактабгача таълим ташкилотлари сони 288 тадан 721 тага, болалар қамрови 31 055 нафардан 72 338 нафарга ортди. Ҳозирда болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш даражаси 31,4 фоизни ташкил этади.
Вилоятдаги мавжуд 926 та умумий ўрта таълим мактабида 506 минг 824 нафар ўқувчи таҳсил олади. Уларга 41 минг 700 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бериб келмоқда. Жорий йилда 1 минг 500 нафардан ортиқ олий маълумотли мутахассислар умумтаълим мактабларига ишга қабул қилинди.

2020/2021 ўқув йилидан вилоятимизда математикага ихтисослашган 4 та умумтаълим мактаби ўз фаолиятини бошлади. Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган 3 та мактаб-интернати кимё ва биологияни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига айлантирилди.
Бугунги кунда вилоятда олий таълим муассасалари сонининг 6 тага етиши, янги ўқув йилидан Денов тадбиркорлик ва педагогика институти, шунингдек, Термиз давлат университетида юридик факультетининг очилиши воҳа ёшларининг орзу-истакларини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлди.

Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб Тошкентда ўтказилган тантанали маросимдан сўнг Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов таълим-тарбия соҳасида меҳнат қилаётган барча педагог ходимларни, соҳа фахрийларини яна бир бор касб байрамлари билан табриклаб, фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилади.
Соҳа ривожи учун камарбаста бўлган ходимлардан бир гуруҳига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.